Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятида ёшлар саломатлигини асраш, маҳаллаларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, рақамли хизматларни ривожлантириш ва мактабгача таълим имкониятларини кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

Жиззах давлат педагогика университетида талабалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган маърифий тадбирлар ўтказилди.

Университетнинг Аниқ фанлар педагогика олий мактабида Ўзбекистон шифокорлар ассоциацияси Жиззах вилоят бўлими раиси, санитария тарғиботи шифокори Мунаввар Содиқов иштирокида ташкил этилган учрашувда соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари, унинг олдини олиш ва инфекциядан кейинги профилактика чоралари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ижтимоий фанлар педагогика олий мактабида эса ёшларни диний экстремизм, жиноятчилик, гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар истеъмоли ва тамаки чекиш каби иллатлардан асраш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирлар давомида оилавий ҳаётга тайёргарлик, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва зарарли одатларнинг инсон ҳаётига салбий таъсири тушунтирилди.
***
Қонунчилик талабларини жойларда тўғри қўллаш, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини оширишда маҳалла ходимларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Пахтакор туман адлия бўлими томонидан “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” ходимлари учун амалий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон фармони ижроси доирасида қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва уларни амалиётда тўғри қўллаш тартиби содда, тушунарли тилда баён этилди.

Шунингдек, маҳаллада қонун нормаларини бир хилда қўллашга кўмаклашиш мақсадида ходимларга услубий қўлланмалар топширилди. Бундай амалий ёрдам маҳалла ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва фуқароларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишга хизмат қилади.

***
Жиззах вилоятида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари бозори изчил кенгаймоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-август ойларида вилоятда ушбу хизматлар ҳажми 897,4 миллиард сўмни ташкил этди.

Мамлакат бўйича эса мазкур даврда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 71,4 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,2 фоиз ўсиш демакдир. Ҳудудлар ,бўйича Жиззах вилоятида қайд этилган кўрсаткич Навоий вилоятидаги 732,5 миллиард сўмлик ҳажмдан юқори бўлди.

Рақамли хизматлар кўламининг ортиши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, рақамли инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларида янги ечимларни жорий этиш учун муҳим аҳамият касб этади.
***
Мактабгача таълим қамрови ва болалар учун яратилаётган шарт-шароитлар таълим тизимининг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатида Жиззах вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида 114,6 минг нафар бола тарбияланган.

Мамлакат миқёсида эса ушбу санада мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган болалар сони 2 миллион 533,3 минг нафарга етган. Бу кўрсаткич 2024 йил якунига нисбатан 183,3 минг нафарга ёки 7,8 фоизга кўпдир.

Мазкур рақамлар мактабгача таълим тизимининг қамровини кенгайтириш, болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун муносиб муҳит яратиш ва таълим ташкилотлари инфратузилмасини такомиллаштириш ишларининг аҳамиятини кўрсатади. Жиззах вилоятида ҳам болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун қулай шароитларни кенгайтириш ушбу соҳанинг муҳим вазифаларидан бўлиб қолмоқда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири