Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласидаги 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти замонавий талаблар асосида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Жиззах шаҳар ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, муассаса жамоаси ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
1989 йилда қурилган ва 280 нафар тарбияланувчига мўлжалланган муассаса давлат дастури доирасида қарийб 8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада бино инфратузилмаси янгиланиб, болалар учун замонавий ва қулай шароитлар яратилди. Муассасанинг қуввати ҳам 280 ўриндан 360 ўринга оширилди.

Янги имкониятлар маҳаллада мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, ота-оналар учун қулайлик яратиш ҳамда болаларга сифатли таълим-тарбия беришга хизмат қилади.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2026 йил 3 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Мирзачўл туманида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар билан ишлаш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан тумандаги барча маҳаллаларда эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар реестрига киритилган хонадонларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилмоқда. Жараёнда оилаларнинг муаммолари, ижтимоий эҳтиёжлари ва турмуш шароитига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, оила даромадини ошириш имкониятлари, бандлик масалалари ҳамда хонадонларнинг санитария ва ободонлаштириш ҳолати кўздан кечирилмоқда.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кўпайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилмоқда. Асосий эътибор ҳар бир оила муаммосини манзилли ўрганиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган.
***
Зарбдор туманидаги Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги стритбол ва воркаут спорт майдони фойдаланишга топширилди.
Замонавий майдон ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади.

Тадбирда соҳа вакиллари, маҳалла фаоллари, мураббийлар ва ёшлар иштирок этди. Спорт намойишлари ва турли беллашувлар ўтказилди.
Янги спорт иншооти маҳалла ёшларининг мунтазам равишда спорт билан шуғулланиши учун қўшимча имконият яратди.
***
Зафаробод туманида автомобиль йўлларининг техник ҳолатини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Айни пайтда Зафаробод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан Д-049 автомобиль йўлининг Жиззах шаҳри ва Чимқўрғон оралиғидаги 14-18-километрларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жараёнда йўл қопламасининг яроқсиз қисмлари тикланиб, белгиланган технологик талаблар асосида зарур ишлар бажарилмоқда. Бу йўлнинг техник ҳолатини яхшилаш, хизмат муддатини узайтириш ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган.

Таъмирлаш ишлари якунлангач, мазкур йўлда ҳаракат хавфсизлиги ва ўтказувчанлик кўрсаткичлари яхшиланиб, аҳоли ҳамда транспорт воситалари учун янада қулай шароит яратилади.
***
Фориш туманида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳафталиги бошланди.

Ҳафталик доирасида аҳоли, айниқса, ёшларнинг гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги ҳуқуқий ва тиббий билимларини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилади.
Шу муносабат билан туманда масъуллар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-207-сон фармони талаблари ижроси, гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Масъулларнинг ахборотлари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёшлар билан манзилли ишлаш ҳамда профилактик тадбирларни тизимли ташкил қилиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Ҳафталик доирасида гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар давом эттирилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири