Ғўзапояни қайта ишлашнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини қайта ишлаш, улардан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар олиш ва экологик лойиҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ғўзапояни қайта ишлаш орқали биочар ишлаб чиқариш ва ундан карбон кредитлари олиш истиқболли йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари, Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) ҳамда Ҳиндистоннинг Merago компанияси вакиллари иштирокида ғўзапоядан биочар ишлаб чиқариш ва уни халқаро карбон бозорида тижоратлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки, пахтачиликда ҳосил йиғиб олингач, далаларда катта миқдорда ғўзапоя қолади. Уни самарали қайта ишлаш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги чиқиндиларни камайтириш билан бирга, янги иқтисодий қиймат яратиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, ғўзапояни биочар – углеродга бой органик материалга айлантириш технологиясини жорий этиш муҳим.
Учрашувда биочардан тупроқ унумдорлигини оширишда фойдаланиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланишича, биочар тупроқ таркибига киритилганда унинг намликни ушлаб туриш қобилиятини яхшилайди, органик моддалар миқдорини оширади ва қишлоқ хўжалиги экинлари учун қулай агроэкологик муҳит яратади.
Мулоқот давомида ушбу инновацион технологияни Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказиш, дастлабки пилот лойиҳасини йўлга қўйиш ва натижаларини амалиётга кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Истиқболда ишлаб чиқариладиган биочар ҳажми, унинг тупроқ унумдорлигига таъсири ҳамда карбон кредитларини шакллантириш имкониятларини амалий жиҳатдан баҳолаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, республиканинг турли ҳудудларида ўқув машғулотларини ташкил этиш, соҳа мутахассислари ва фермерларга ғўзапояни қайта ишлаш, биочар ишлаб чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича амалий билим бериш бўйича келишувларга эришилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА