Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Сирдарё вилоятининг Мирзачўл туманида ёшлар тарбиясида нуронийларнинг ўрни ва масъулиятини янада кучайтиришга қаратилган “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Гагарин шаҳарчасидаги Ўзбек-қозоқ маданият марказида ташкил этилган мазкур танловда маҳаллалардан ташриф буюрган фаол нуронийлар учта шарт бўйича ўз билим ва тажрибаларини намоён қилишди.
Улар ҳаётий тажриба, маънавий салоҳият ҳамда ёшлар тарбиясидаги амалий фаолияти юзасидан баҳоланиб, қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда фаол қатнашишди.

Якунларга кўра, 1-ўрин “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини вакили Ш. Ёқубовага насиб этди. “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини вакили О. Эргашев 2-ўринни, “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини вакили С. Рўзиев эса 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Танлов ғолиби Ш. Ёқубова вилоят босқичида Мирзачўл тумани шарафини ҳимоя қилади.
***
Марказий банкнинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти мутахассислари иштирокида ўқув семинари ўтказилди.

Тадбирда ҳудудий тижорат банкларининг масъул ходимлари ҳамда вилоят тадбиркорларига валюта қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишлар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Шу билан бирга, амалдаги тартиб-таомиллар ва янгиланган талаблар юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Семинар доирасида валюта конвертацияси имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек, шикастланган ва яроқсиз хорижий валюталарни банк кассалари томонидан қабул қилиш тартибига бағишланган давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Ғаллаорол туманида чорва моллари ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик эмлаш тадбирлари барча қишлоқ ва маҳаллаларда изчил амалга оширилди.

Жумладан, “Лалмикор” ва “Узунбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида ветеринария хизмати мутахассислари аҳолига ветеринария-санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш, юқумли касалликларнинг тарқалишининг олдини олиш ҳамда эпизоотик барқарорликни таъминлаш юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай профилактик тадбирлар чорва моллари саломатлигини муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
***

Пахтакор туманида аҳоли бандлигини таъминлаш ва томорқалардан унумли фойдаланишга қаратилган “100 хонадонда – 100 иссиқхона” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Туманнинг “Боғишамол” МФЙ Қорамирза қишлоғида туман ҳокими ташаббуси билан бошланган мазкур лойиҳа доирасида мутасадди ташкилотлар, тижорат банклари ҳамда тажрибали тадбиркорлар иштирокида иссиқхоналар барпо этилиб, хонадон эгаларига амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Ушбу ташаббус орқали аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ҳамда оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтириш кўзда тутилган.
***

Жиззах шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг волейбол тури бўйича ташкил этилган вилоят босқичи мусобақасида Зафаробод тумани вакиллари муносиб натижаларни қайд этди.

22–30 ёш тоифасида иштирок этган Нурафшон маҳалласи жамоаси барча учрашувларда юқори маҳорат, мустаҳкам жамоавий ҳамжиҳатлик ва пухта тайёргарликни намоён этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. Бу натижа жамоага мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берди.

Шунингдек, 16–21 ёш тоифасида беллашган “Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари ҳам муносиб ўйин кўрсатиб, мусобақани 3-ўрин билан якунлади. Эришилган натижалар туманда спортни оммалаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири