Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Литванинг Вилнюс шаҳрида ўтказилган 37-Халқаро биология олимпиадаси (IBO–2026)да Ўзбекистон терма жамоаси муносиб иштирок этиб, уч нафар иштирокчи бронза медалига сазовор бўлди.
Қувонарлиси, улар орасида Жиззах шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Нурсултон Аширалиев ҳам бор. Унинг ушбу ютуғи мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самараси сифатида эътироф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2024 йил 30-сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, нуфузли халқаро фан олимпиадаларида бронза медали соҳибларига 412 миллион сўм, уларни тайёрлаган устозларга эса 61 миллион 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши белгиланган.
***
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Зомин туманидаги Бунёдкор маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Маҳалланинг ички кўчаларида пиёдалар йўлаклари замонавий талаблар асосида тартибга келтирилиб, тротуар плиталари ётқизилмоқда. Шу билан бирга, санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, ҳудуднинг эстетик қиёфасини янада кўркамлаштириш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Эрта тонгдан бошланган бунёдкорлик тадбирлари маҳаллада хавфсиз ва замонавий пиёдалар инфратузилмасини яратиш, аҳолининг турмуш сифати ҳамда ҳудуднинг обод қиёфасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
***
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатида Жиззах вилоятида 27 минг 459 та корхона ва ташкилот фаолият кўрсатмоқда.
Республика бўйича эса бу кўрсаткич 596 минг 900 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 40 мингтага ёки 7,2 фоизга ошган.

Статистик маълумотлар вилоятда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш натижасида янги корхона ва ташкилотлар сони барқарор ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.
***
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ғаллаорол туманида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Айниқса, М-39 халқаро автомобиль йўли бўйлаб жойлашган маҳаллаларда ташкил этилган умумхалқ ҳашарлари доирасида кўчалар ва жамоат жойлари тартибга келтирилмоқда, бегона ўтлар тозаланиб, яшил ҳудудлар парвариш қилинмоқда. Шунингдек, ариқ-зовурлар ҳамда йўл ёқалари ободонлаштирилмоқда.

Маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги туфайли туманнинг янада файзли ва кўркам қиёфаси шаклланмоқда.
***
Янгиобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Абдуғаниев раҳбарлигида ҳудудда фаолият юритаётган карьерлар ҳамда аукцион савдолари орқали тадбиркорларга берилган қум-шағал конларида жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари ўтказилди.

Ўрганиш давомида карьерлардан самарали фойдаланиш, уларни белгиланган тартибда ишга тушириш, қазиб олиш ишларини амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш ва мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, объектларни тезроқ ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий тавсия ва топшириқлар берилди.
Қайд этилганидек, бу каби ўрганишлар табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири