Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган Жиноятчиликни олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгресс доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Ҳакимова ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Миллий наркотикларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи шайх Зайд бин Ҳамад бин Ҳамдан Ол Наҳаён жаноблари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш, таҳлилий ва тезкор маълумотлар алмашиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда минтақада янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Шунингдек, БАА томони бўлажак 16-конгрессни юқори ташкилий даражада ўтказиш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон делегацияси 15-конгресс доирасида хорижий ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилот вакиллари билан ҳам самарали учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Япония адлия вазири Такаши Ямасита жаноблари билан бўлиб ўтган учрашувда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда Ўзбекистон делегациясининг жорий йил ноябрь ойида Японияга амалга ошириладиган ташрифи истиқболлари кўриб чиқилди, дейилади Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги маълумотида. Музокаралар доирасида илғор тажриба алмашиш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан келишиб олинди.
Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бюроси директори ўринбосари Фенг Гуанг жаноблари билан ташкил этилган мулоқотда эса ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келажакдаги режалари муҳокама марказида бўлди. Учрашувда ҳамкор давлатдан таҳлилий ва тезкор маълумотларни олиш жараёнларини жадаллаштириш, замонавий наркотаҳдидларга қарши курашишда фаол тажриба алмашишга қарор қилинди.
Покистон Ислом Республикасининг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шавкат Али Хон бошчилигидаги делегация билан бўлган учрашувда жорий йилнинг 5 февраль куни Исломобод шаҳрида имзоланган ҳукуматлараро битимнинг кучга кириши билан боғлиқ давлат ички тартиб-таомилларини якунлаш ҳамда амалий ҳамкорликни бошлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони Покистоннинг чегара-божхона назорати, портларда йирик ҳажмдаги юкларни текшириш ва прекурсорларни назорат қилиш борасидаги тажрибасига қизиқиш билдирди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА