ЖЧ–2026: Австралия муҳим ғалабага эришди
Канаданинг Ванкувер шаҳридаги “BC Place” стадионида футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг “D” гуруҳидан ўрин олган Туркия ва Австралия терма жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди.
Учрашувда Австралия терма жамоаси ҳужумчиси Нестори Иранкунда 27-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Конор Меткалф 75-дақиқада жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади. Натижада Австралия Туркия устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақадаги иштирокини муваффақиятли бошлади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур гуруҳнинг яна бир учрашувида АҚШ терма жамоаси Парагвайни 4:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Шу тариқа биринчи турдан кейин АҚШ ва Австралия терма жамоалари 3 очкодан жамғариб, гуруҳ пешқадамига айланди. Туркия ва Парагвай ҳисобида эса очко йўқ.
“D” гуруҳининг иккинчи тур учрашувлари 20 июнь куни бўлиб ўтади. Унда АҚШ – Австралия ҳамда Туркия – Парагвай жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.

Дарвоқе, бугунги куннинг сўнгги учрашуви “E” гуруҳида Германия ва Кюрасао терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Ўйин соат 22:00 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА