Жазирама ва саломатлик
Айни кунларда юртимизда кузатилаётган жазирама иссиқ нафақат инфратузилма, балки инсон саломатлиги учун ҳам жиддий синовдир. Ер усти метро поездлари ҳаракати тезлигининг чекланиши, автомобиль йўлларида юк машиналари ҳаракатига қўйилган чекловлар айниқса, саломатликка эътиборли бўлиш кераклигидан далолат беради.
Бундай экстремал об-ҳаво шароитида организм ўзини совитиш учун қўшимча ресурсларни ишга солади. Агар профилактика чораларига етарлича эътибор берилмаса, бу ҳолат иссиқ уриши, сувсизланиш ва сурункали касалликларнинг кескин хуружига олиб келиши мумкин.
Иссиқ ҳавонинг организмга таъсири шундайки, юқори ҳарорат шароитида қон томирлари кенгаяди, юрак-қон томир тизимига юклама ортади. Терлаш орқали организм суюқлик ва муҳим тузларни (электролитларни) йўқотади. Бу жараён ўз вақтида мувозанатланмаса, қон қуюқлашиши, қон босимининг кескин ўзгариши ва ҳушдан кетиш ҳолатлари юз бериши мумкин. Айниқса, 65 ёшдан ошган кекса инсонлар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир, қандли диабет, нафас йўллари ва буйрак касалликлари билан оғриган беморлар, очиқ ҳавода меҳнат қилувчилар учун жуда хавфли.

Шу боис, шифокорлар саломатликни асраш учун бир қатор керакли тавсияларни бермоқда.
– Ёзнинг энг иссиқ даври – «чилла»да офтоб уришидан сақланиш жуда муҳим. Чунки қуёш уриши – хавфли бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши ва ҳароратни меъёрда ушлаб туриш қобилиятини йўқотиши натижасида юзага келади, – дейди Миллий тиббиёт маркази шифокори Шоҳрух Зиёвуддинов. – Кунига 2-3 литр атрофида суюқлик: сув, айрон, шакарсиз компот, лимонли сув, ялпизли чой ичиш, шунингдек, таркибида сув миқдори юқори бўлган тарвуз, қовун, бодринг каби мева-сабзавотлар истеъмол қилиш керак. Энергетик ичимликлар, спиртли ичимликлар, кўп миқдордаги кофе ва жуда ширин газли ичимликлар организмда сувсизланишни тезлаштиради. Ультрабинафша нурланиш индекси юқори даражаларга етганда, соат 11:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида юришни максимал даражада чеклаш лозим. Ташқарига чиқиш зарурати туғилганда албатта, кенг қиррали бош кийим кийиш, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш, очиқ рангли, табиий матодан тикилган енгил кийимларни танлаш, терини қуёшдан ҳимояловчи SPF кремлардан фойдаланиш керак.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, иссиқ уришининг олдини олиш учун кунига 3 литр миқдорда суюқлик (совитилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар) ичиш лозим. Тўғри тушадиган қуёш нурларидан сақланиш, ундан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар ҳамда соябонлардан фойдаланиш керак.

Тез-тез душ қабул қилиш тананинг нафас олиш тизимини яхшилайди. Сув хона ҳароратида бўлиши керак. Сувни кучли совитиш оқибатида ҳароратнинг кескин ўзгариши зотилжам касаллигига йўл очиб беради.
Бундай иссиқда кондиционерсиз қийин, албатта. Аммо кондиционер бор хонада унинг рўпарасига ўтириш тақиқланади. Сабаби, кондиционернинг ишлаши жараёнида бактериялар совуқ ҳаво билан бирга хонада ҳайдалиб, сурункали бронхит ва пневмонияни қўзғатиши мумкин.
– Кўчага чиқаётганда очиқ рангли табиий матодан тикилган енгил либослар ва иссиқдан сақлайдиган бош кийим кийиш зарур, – дейди эндокринолог, превентив шифокор Бекзод Одилов. – Шунингдек, ёғли, қовурилган таомлардан тийилиш ва мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Таом албатта, тузли бўлиши даркор. Чунки ҳаво ҳарорати юқори бўлганда одам организмидан кўп миқдорда натрий чиқиб кетади. Энг асосий эслатма шуки, кундузи соат 10:00 ва 16:00 оралиғида қуёш нури тушадиган очиқ жойларда юрмаслик лозим. Ҳаво ҳарорати юқори бўлганда оғир жисмоний ишларни чеклаш ва кўпроқ ёпиқ жойларда бўлиш мақсадга мувофиқ. Ёш болалар, кекса кишилар ва сурункали хасталиклар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метаболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар иссиқлик уришига кўпроқ мойил. Шу сабабли улар саломатлигини мунтазам кузатиб бориш муҳим.

Ушбу тавсияларга амал қилиш саломатлигимизни асрашга ва энг муҳими, ёз фаслининг ёрқин таассуротларга бой ўтишига хизмат қилади.
Буни қарангки, жазирама шароитида меҳнат фаолиятини ташкил этишда иш берувчилар учун ҳам мажбуриятлар бор экан. Хусусан, энг иссиқ соатларда оғир жисмоний ишларни чеклаш, ходимларни салқин жой ва ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда тиббий ҳолатни назорат қилиш талаб этилади.
Дарҳақиқат, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи ҳар нарсадан устун туради. Шундай экан, агар тана ҳарорати 40°C дан юқори кўтарилса, ҳушнинг бузилиши, гапира олмаслик, тутқаноқ, терининг қизариши ва қуруқлашиши, нафас олишнинг қийинлашиши каби аломатлар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Моҳигул Қосимова, ЎзА