Жасорат ваъдадан бошланади
Ватанга муҳаббат қалбдаги туйғу, садоқат ҳаёт мезони, жасорат эса масъулиятли амалларда намоён бўлади. Ана шу эзгу фазилатларни ёш авлод онгига сингдириш, уларни мардлик ва фидойилик руҳида камол топтириш мақсадида Жиззах вилоятидаги 13 та умумтаълим мактабида ташкил этилган “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг тантанали “Ваъда бериш” маросими бўлиб ўтди.
Маросимда янграган ваъдалар ёш қалбларда Ватанга садоқат, халқ олдидаги бурчни англаш, юрт тинчлиги ва осойишталигини қадрлаш каби юксак фазилатлар қарор топаётганининг ифодаси бўлди. Бу жараён шунчаки тантанали тадбир эмас, балки ўқувчиларнинг маънавий камолоти, иродаси ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим тарбиявий қадамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ва дастлабки ҳарбий билимларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг муҳим ҳуқуқий асосидир. Жиззах вилоятида “Жасорат мактаблари” фаолиятини йўлга қўйиш ва уларда тарбиявий ишларни ташкил этиш ҳам мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.
– “Жасорат мактаблари”нинг асосий мақсади болаларга билим бериш билан бир қаторда, уларда интизом, қатъият, жисмоний чидамлилик ва Ватан олдидаги масъулият туйғусини шакллантиришдан иборат. Бу ерда ўқувчилар ёшликданоқ ўз олдига мақсад қўйиш, қийинчиликларни енгиб ўтиш, жамоа билан ҳамжиҳат ҳаракат қилиш ва берилган ваъдага содиқ қолишнинг аҳамиятини англаб борадилар, – дейди Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъбаси методисти Ҳусниддин Қурбонов.
Унинг таъкидлашича, мазкур синфларга 4-синфни тамомлаган ўғил-қизлар жисмоний ҳамда тест синовлари асосида қабул қилинади. Ўтган ўқув йилида вилоятнинг ҳар бир тумани ва шаҳрида биттадан умумтаълим мактаби негизида “Жасорат мактаби” синфлари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирига 26 нафардан ўқувчи қабул қилиниб, жами 338 нафар бола мазкур таълим йўналишида ўқишни бошлаган. Бугун улар ўз мактабларининг 6-синфларида таҳсилни давом эттирмоқда.
[gallery-31980]
– Жорий ўқув йилида ҳам вилоятимиздаги 13 та умумтаълим мактабида “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозир ушбу синфларда 338 нафар 5-синф ўқувчиси таълим олмоқда. Бугунги “Ваъда бериш” маросими улар учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бола ўз зиммасига олган масъулиятни ҳис этиши, Ватанга муҳаббатни амалдаги интизом ва яхши ўқиш билан намоён қилиши керак. Биз уларнинг нафақат жисмонан бақувват, балки маънан етук, билимли ва ташаббускор инсонлар бўлиб вояга етишини истаймиз, – дейди Ҳусниддин Қурбонов.
Дарҳақиқат, ватанпарварлик тарбияси бир кунлик тадбир ёки тантанали қасамёд билан чекланмайди. У ҳар кунги таълим, устозлар ўгити, ота-она намунаси, интизом ва масъулият орқали шаклланади. Ёшларнинг қалбида юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини уйғотиш, уларга тинчликнинг қадрини англатиш ва эл-юрт манфаатини шахсий мақсадлар билан уйғунлаштириш бугунги таълим-тарбиянинг муҳим вазифаларидан биридир.
Жиззахдаги “Жасорат мактаблари”да таҳсил олаётган ўқувчилар учун бугунги ваъда ана шу йўлнинг бошланишидир. Уларнинг ҳар бири келажакда қайси касбни танламасин, Ватанга садоқат, ҳалоллик, жасорат ва бурчга вафо каби фазилатлар ҳаёт йўлида ишончли таянч бўлиб қолиши шубҳасиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари