Соғлом иш муҳити мавжуд жамоада иш самарадорлиги ва бошқарув сифати ҳам юқори бўлади
Инсон меҳнат қилаётган жойида ўзини хавфсиз ҳис қилиши, қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ва ўз фикрини эркин билдириши учун зарур шароит яратилган бўлиши керак. Чунки соғлом иш муҳити нафақат ходимнинг меҳнат фаолиятига, балки ташкилотдаги интизом, жамоавий ҳамкорлик ва иш натижаларига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 518-сон қарори меҳнат муносабатларида инсон қадрини ҳимоя қилиш ва иш жойидаги салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган муҳим ҳужжатлар ҳисобланади.
Президент қарорида меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, содир этилган ҳолатларга нисбатан самарали таъсир чораларини кўриш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш устувор вазифалар этиб белгиланган.
Бунда гап нафақат жисмоний ёки жинсий зўравонлик, балки руҳий босим, шаҳвоний шилқимлик, таъқиб қилиш, камситиш ва хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатлар ҳақида ҳам бормоқда.
Мазкур ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, унда қўрқув ёки душманона муҳитни юзага келтирувчи хатти-ҳаракатларга бефарқ қаралмаслиги лозим. Бундай ҳолатлар ҳақидаги хабарлар белгиланган тартибда ўрганилиб, уларга холис баҳо берилиши ва зарур чоралар кўрилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, мурожаат қилган шахсларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Мурожаат ва уни кўриб чиқиш жараёнига оид маълумотларнинг қонунчиликда назарда тутилмаган тарзда ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Бу эса ходимларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилиш имкониятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Президент қарорида белгиланган муҳим янгиликлардан бири “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” ахборот порталини жорий этишдир.
Портал орқали меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни онлайн қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш жараёнини кузатиш, далилларни тўплаш, текширув натижаларини қайд этиш ва кўрилган чоралар ижросини назорат қилиш имконияти яратилади.
Айниқса, мурожаатда ташкилот раҳбари, унинг ўринбосари ёки масъул ходимига нисбатан эътироз билдирилган бўлса, уни автоматик равишда юқори турувчи инстанцияга юбориш механизми назарда тутилган. Бу манфаатлар тўқнашуви хавфини камайтириш ва мурожаатнинг холис кўриб чиқилиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Агар ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлса, мурожаат белгиланган тартибда “112” ягона диспетчерлик хизмати орқали ваколатли органга юборилади.
Демак, янги механизмлар мурожаатни қабул қилиш билангина чекланмайди. Унинг кўриб чиқилиши, натижаси ва белгиланган чораларнинг ижроси ҳам назорат қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори эса Президент ҳужжатида белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини белгилайди. Қарор билан давлат органлари ва ташкилотларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тасдиқланган. Унга мувофиқ, ташкилотларда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ички меҳнат тартиб-қоидалари қайта кўриб чиқилади, масъул ходимлар белгиланади ва ходимларни ўқитиш чоралари кўрилади.
Яна бир муҳим талаб – меҳнат соҳасидаги тазйиқ ва зўравонлик хавфларини даврий баҳолаш ҳамда ташкилотдаги муҳитни таҳлил қилиш йилига камида бир марта ўтказилади. Такрорий мурожаатлар ёки тасдиқланган ҳолатлар сонининг ортиши эса режадан ташқари ўрганиш учун асос бўлиши мумкин.
Бундай таҳлиллар муаммоларни фақат улар юзага келгандан кейин бартараф этиш эмас, балки хавфларни олдиндан аниқлаш ва профилактик чораларни кучайтириш имконини беради.
Мазкур тизимнинг самарали ишлашида Бошқарув самарадорлиги агентлигига муҳим вазифалар юклатилган. Президент қарорига мувофиқ, “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” ахборот портали Агентликнинг ахборот тизимларида ишга туширилади. Шунингдек, Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида дастур доирасидаги қоидаларнинг бир хилда ижро этилишини мониторинг қилади ҳамда аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатига эга.
Агентликнинг вазифаларидан яна бири ходимларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва масъул мутахассисларнинг салоҳиятини ривожлантиришни ҳам қамраб олади. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 518-сон қарорига кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ҳамда мансабдор шахслари Агентликнинг edu.bsa.uz ахборот тизими орқали тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қисқа онлайн тренинг курсларида ўқитилади.
Умуман олганда, мазкур қарорлар давлат органлари ва ташкилотларида инсон қадрини улуғлаш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, соғлом иш муҳити мавжуд жамоада иш самарадорлиги ва бошқарув сифати ҳам юксалади.
Зафар Султонов,
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Навоий вилояти филиали бошлиғи.
ЎзА