Жасорат ва садоқатга эҳтиром
9 май — Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган инсонларнинг матонати, Ватан озодлиги йўлида кўрсатган жасорати ва фидойилиги ҳеч қачон унутилмайди. Бугунги осойишта ҳаёт, халқимиз фаровонлиги ана шундай жасур авлод вакилларининг машаққатли йўли, беқиёс қурбонликлари эвазига барпо бўлгани барчамизга яхши маълум.

Айни кунда Бухоро вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан уч нафар фахрий — Ҳожимурод Бектошев, Файзулла Ходжаев ва Аҳмад Муҳсинов ҳаёт кечирмоқда. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва жамоатчилик вакиллари уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, Президент табриги ҳамда байрам совғаларини етказди.
Мутасаддилар дастлаб ички ишлар органлари фахрийси Аҳмад Муҳсинов хонадонида бўлди. Кўксини орден ва медаллар безаб турган отахон 19 ёшидаёқ фронтга йўл олган. У уруш йилларида жанг майдонларида матонат билан хизмат қилди, 1947 йилга қадар ҳарбий сафда бўлиб, кейинчалик Европанинг турли мамлакатларида армия хизматида фаолият олиб борди.

101 баҳорни қарши олган Аҳмад Муҳсиновга Президентимиз номидан байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унга 30 миллион сўм пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар ва махсус Президент совғаси топширилди. Шунингдек, ички ишлар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ҳам эҳтиром ва моддий рағбат кўрсатилди.
Учрашув давомида ёшлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилиб, тинчлик ва Ватанни улуғловчи шеърлар янгради. Бу эса авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик, жасорат мактаби ворисийлигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро тумани Туркон маҳалласида яшовчи уруш қатнашчиси Файзулла Ходжаев хонадонида ҳам бўлиб, отахонни байрам билан самимий муборакбод этди. Президент табриги ва пул мукофотлари топширилди. Суҳбат чоғида халқимиз уруш қатнашчилари кўрсатган жасоратни ҳеч қачон унутмаслиги, уларнинг ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат экани таъкидланди.
Фахрий эса юртимизда кексаларга, айниқса уруш ва меҳнат қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнунлигини билдириб, мамлакат тинчлиги, фарзандлар камоли ва халқ фаровонлиги учун дуолар қилди.
Олот тумани Ёш ботир маҳалласида истиқомат қилаётган Ҳожимурод Бектошевга ҳам Президент совғалари ва байрам табриги етказилди. Уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган бундай юксак эҳтиром — инсон қадрини улуғлаш, тарихий хотирани асраш ва келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим намунасидир.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фидойи инсонларнинг ҳаёт йўли, матонати ва жасорати бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг мустаҳкам пойдеворидир. Уларнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Хотира ва қадрлаш куни эса ана шу улуғ инсонларга эҳтиром кўрсатиш, тинчлик қадрини англаш ва ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА