Жарималарни ҳисоблашда техник хатоларга йўл қўйилмоқда: вазирга сўров юборилди
Ҳайдовчилар томонидан қоидабузарликларни аниқловчи фото-видео қайд этиш техника воситаларининг ёки кўчма фоторадарларнинг фаолияти борасида айрим эътирозлар билдирилмоқда.
Масалан, рухсат этилган тезлик кўрсаткичлари кескин ўзгарадиган қисмларда йўл белгилари етарли даражада кўринадиган нуқталарга ўрнатилмагани, фото-видео қайд этиш тизимида маълумотларни қайта ишлаш чоғида жарималарни ҳисоблашда техник хатоларга йўл қўйилиши, бунинг натижасида асоссиз равишда маъмурий жазо чоралари қўлланилиши каби ҳолатлар бор.
Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг бугунги мажлисида айтиб ўтилди. Унда ички ишлар вазири А.Тошпўлатовга “Автомобиль йўлларидаги фото-видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ҳамда йўл ҳаракати соҳасига ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

— Бугунги кунда транспорт воситалари сони кескин ортиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни тақозо этади, — деди депутат Дилбар Мамажонова. — Бу борада йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш, йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео қайд этиш тизимларини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятини ошириш ва назорат тизимини самарали ташкил этиш мақсадида автомобиль йўлларига замонавий камералар ва радарлар ўрнатилмоқда.
Ушбу чоралар билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида фуқаролар билан ўтказган мулоқот ва учрашувлари давомида соҳага оид бир қатор мурожаатлар бўлмоқда. Хусусан, ҳайдовчилар томонидан йўл белгилари етарли даражада кўринадиган нуқталарга ўрнатилмагани, фото-видео қайд этиш тизимида маълумотларни қайта ишлаш чоғида жарималарни ҳисоблашда техник хатоларга йўл қўйилиши натижасида асоссиз равишда маъмурий жазо чоралари қўлланилиши, айрим йўлларнинг сифати талаб даражасида эмаслиги, йўл чизиқларининг кўринмаслиги ёки нотўғри белгилангани ўз навбатида, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига олиб келаётгани ва пиёдалар йўлакларида светофорлар етишмаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда. Зеро, бугун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўллар инфратузилмасини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди.
Унда йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш, фото-видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ҳамда соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА