Жарима асоссиз деб топилди
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман девонининг Андижон вилоятидаги шўъбаси томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Мурожаатларга асосан, ўтказилган ўрганишлар натижасида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Транспорт назорати инспекциясининг Автомобиль ва сув транспортида назорат Андижон вилояти ҳудудий бўлими томонидан Улуғнор туманидаги “АТУ” масъулияти чекланган жамият фаолияти бўйича ўтказилган текширув натижасида лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек, йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга қўйилган талабларга риоя этилмаганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти Транспорт бошқармасига тегишли тақдимнома киритилган.
Мазкур тақдимнома транспорт бошқармаси томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик субъектига нисбатан “Жарима солиш тўғрисида” қарор қабул қилинган. Қарорга асосан, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-иловаси 1-банди 12-қисмига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари ҳамда 4-иловаси 2-банди 6-қисмига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида “АТУ” масъулияти чекланган жамиятга жарима қўлланилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорлик субъекти Бизнес-омбудсман девонининг Андижон вилоятидаги вакиллигига мурожаат қилди. Мурожаатга асосан, ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан ўрганиш ўтказилди. Ўрганишлар натижасига келиб чиқиб, тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Андижон вилояти Транспорт бошқармаси қарорига нисбатан Андижон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритилди.
Суд муҳокамалари жараёнида Бизнес-омбудсман ходимлари иштирок этиб, амалдаги қонунчилик нормалари доирасида асосланган далиллар келтирди. Натижада Андижон туманлараро маъмурий суднинг 2026 йил 10 мартдаги қарори билан Транспорт бошқармасининг қарори асоссиз деб топилиб, бекор қилинди ҳамда жамиятнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.