FinTech хакатони ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, уларнинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятини ривожлантириш устувор йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, рақамли иқтисодиёт шароитида ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш, уларни илғор технологияларни эгаллашга йўналтириш ҳамда стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон” университети томонидан ташкил этилган FinTech йўналишидаги хакатон ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи муҳим майдонга айланди.
[gallery-29024]
Бугунги кунда молиявий технологиялар — FinTech соҳаси жаҳон миқёсида жадал ривожланаётган йўналишлардан бири ҳисобланади. У банк хизматлари, тўлов тизимлари, рақамли платформалар ва инновацион молиявий маҳсулотларни қамраб олган ҳолда иқтисодиётнинг турли тармоқларига чуқур кириб бормоқда. Шу боис мазкур соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш ҳамда уларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Мазкур хакатон айнан шу мақсад йўлида инновацион фикрлайдиган ёшларни бирлаштириш, уларнинг илғор ғояларини амалиётга йўналтириш ва қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилди. Тадбир иштирокчиларнинг замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллект асосида ечимлар ишлаб чиқиш кўникмаларини ривожлантириш, уларни реал бизнес муҳити билан уйғунлаштириш ҳамда стартап экотизимига жалб этишга қаратилди.
Дастур доирасида панель муҳокамалари, техник йўриқномалар, мини-воркшоплар ҳамда бир неча босқичли амалий машғулотлар ўтказилди. Бу жараёнларда иштирокчилар қисқа вақт ичида ўз ғояларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш имкониятига эга бўлди.
Қатнашчилар 48 соат давомида жамоалар шаклида иш олиб бориб, сунъий интеллект асосида инновацион ечимлар ишлаб чиқди. Тажрибали менторлар кўмагида тайёрланган лойиҳалар якуний тақдимотда инвесторлар ва соҳа мутахассислари эътиборига ҳавола этилди. Бу эса ёшларда техник билимлар билан бирга жамоавий ишлаш, муаммоларга ечим топиш ва лойиҳани самарали тақдим этиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
Тадбир якунида энг яхши деб топилган жамоалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, ғолиблар жорий йил ёзида ўтказиладиган “Idrock Startup Accelerator” дастурининг саралаш босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Мазкур хакатон ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатимизда FinTech йўналишидаги стартаплар ривожини жадаллаштиришга хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА