ЖАРдаги барда отишма: 18 киши ҳалок бўлди
Жанубий Африка Республикаси Йоханнесбург шаҳри яқинида жойлашган барда содир бўлган отишмада жароҳат олган яна бир киши шифохонада вафот этди ва қурбонлар сони 18 нафарга етди.
Фожиа Ведела шаҳарчасидаги кўнгил очар масканда юз берган: АК-47 автомати билан қуролланган номаълум шахслар одамларга қарата ўт очган. Ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари аниқланди: икки маҳаллий фуқаро, иккиси Лесото давлатидан келган.
Полиция жиноятчиларни қидиришни давом эттиряпти. Уларнинг аниқ тасвири қўлга киритилган. Асосий тахминга кўра, ушбу қонли ҳодиса ҳудудда ноқонуний олтин қазиб олишни назорат қилувчи қуролланган тўдалар ўртасидаги низо оқибатида келиб чиққан.
Расмийлар дам олиш кунлари Кейптаун яқинида 10 кишининг ўлимига сабаб бўлган яна бир отишма тафсилотини ҳам суриштирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА