Жанубий Корея бизнеси гигантлари билан йирик лойиҳалар йўлга қўйилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик тарихида муҳим босқич бўлди.
Ниҳоятда сермазмун дастур илк дақиқаларданоқ Ўзбекистон Президенти ва халқига нисбатан самимий меҳмондўстлик, юксак эҳтиром ва чуқур ҳурмат руҳида ўтди.
Ташрифнинг марказий воқеаси Президент Ли Чже Мён билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокаралар бўлди. Етакчилар кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга бўлган қатъий интилишларини тасдиқладилар.
Миллий Ассамблея Спикери Чо Чжон Шик ва Бош вазир Хан Сон Сук билан учрашувларда парламентлараро алоқаларни, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари белгилаб олинди.
Ташриф дастурида Ўзбекистон – Корея бизнес форуми, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда давлатимиз раҳбарининг Жанубий Корея бизнеси гигантлари ва энг йирик молия институтлари раҳбарлари билан ўтказган қатор амалий учрашувлари муҳим ўрин эгаллади. Жумладан, Корея Эксимбанки, Lotte, Hyundai, KIA, Rotem, Shinhan, KIND, KIGAM, KIRAM ва Инчхон халқаро аэропорти корпорацияси раҳбарлари билан музокаралар Ўзбекистонда йирик инвестициявий ва юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун янги истиқболларни очди.
Ташрифнинг энг муҳим иқтисодий натижаси мисли кўрилмаган ҳужжатлар тўплами – бизнес форум якунлари бўйича 12 миллиард долларлик инвестициявий ва савдо-иқтисодий битимлар ҳамда Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик шериклик дастурининг қабул қилиниши бўлди.
Ушбу келишувлар илғор технологияларни жалб этиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва тўлиқ юқори технологик ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш учун мустаҳкам замин яратади. Уларнинг амалга оширилиши замонавий корхоналар ва янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Бугун ташриф дастури Президент Шавкат Мирзиёевнинг биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитидаги иштироки билан давом этади. Бундай форматда илк бор Марказий Осиёнинг беш давлати ва Корея Республикаси етакчилари бир майдонда жам бўлади.
Ушбу тарихий воқеа кўп йиллик минтақалараро мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, унга тизимли ва узоқ муддатли тус бериш ҳамда тинчлик, инновациялар ва умумий фаровонлик йўлида янги имкониятлар очишга хизмат қилади.
ЎзА