Жанубий Хитой денгизида сунъий орол қуриш жадаллашган
“Reuters” томонидан ўрганилган сунъий йўлдош тасвирига кўра, Хитой Жанубий Хитой денгизидаги Антилопа рифида сунъий орол қуриш лойиҳасининг илк босқичини якунлаган.
Таъкидланишича, сўнгги ойларда Пекин қарийб 6 километрли ер майдони тайёрлаб, чуқур сув порти, кема тўхтайдиган жой ва бошқа иншоотлар қурган. 3 километрдан узунроқ тўғри қирғоқ чизиғи учиш-қўниш йўлаги қуриш учун ишлатилиши мумкин.
ХХР ҳали янги ҳарбий база қурилишини расман тасдиқламади. Давлат оммавий ахборот воситалари оролдан об-ҳаво маълумоти, илмий тадқиқот каби фуқаролик мақсадларида фойдаланилишига урғу бермоқда. Мутахассислар эса инфратузилма Пекиннинг минтақадаги ҳарбий мавқеини мустаҳкамлайди, деб ҳисобламоқда.
Дарвоқе, ушбу ҳудуд Вьетнам ҳам даъво қилиб келаётган баҳсли Парасел архипелагида жойлашган.
С.Раҳимов, ЎзА