Иссиқ Альпни ҳам емирмоқда
2026 йил Альп тоғининг Франция ҳудуди, айниқса Монблан мавзеси учун сўнгги йиллардаги энг хавфли давр бўлди. Йил бошидан буён минтақада 450 марта тош кўчиши қайд этилди. Бу 2022 йилдаги аввалги рекорд — 300 ҳолатдан анча юқори. Мутахассислар мазкур кўрсаткични тоғда ҳарорат кескин кўтарилиши ва абадий муз қатлами эрий бошлаши билан боғламоқда.
Айрим жойларда ҳаво 30-35 даражагача қизияпти. Натижада тоғ пермафрости емирилиб, қоялар барқарорлиги сусаймоқда, кўчки хавфи ортяпти. Геоморфолог Людовик Раванель маълум қилишича, сўнгги икки-уч ўн йилликда тоғ қояларида кузатилаётган беқарорлик даврининг 80-85 фоизи иқлим исиши даврига тўғри келган.
Музлик чекиниши ҳам вазиятни оғирлаштирмоқда. Илгари муз қоялар тоғ ён-бағрига босим бериб, ерни муайян даражада барқарор ушлаб турган. Муз ҳажми кичрайиши эса қояни бўшаштирмоқда. Хуллас, мутахассислар иссиқ давом этар экан, Альпда тош кўчиши ҳолати янада кўпайишидан огоҳлантирмоқда.
Хавф оқибати аллақачон инсон ҳаётига таъсир қила бошлаган. Июль ойида Монбланда тош кўчиши натижасида икки нафар чех сайёҳи, августда яна бир киши ҳалок бўлди. Ҳозирча баланд чўққига чиқиш чекланмаган бўлса-да, барибир альпинистлар эҳтиёткорликка чақириляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА