Жамоат транспортида хавфсизлик - муҳим масала
Шаҳар ҳаётини автобусларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар куни минглаб йўловчилар ишга, ўқишга, уйига ва бошқа манзилларга жамоат транспорти орқали етиб боради. Бу жараёнда энг катта масъулият автобус ҳайдовчиси зиммасига тушади.
Автобус ҳайдовчиси учун фақат транспорт воситасини бошқара олишнинг ўзи етарли эмас. У йўл ҳаракати қоидаларини яхши билиши, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаши, вазиятни тез баҳолай олиши ва одамлар билан муомала маданиятига эга бўлиши керак. Айниқса, катта шаҳарларда ҳаракат серқатнов бўлгани учун ҳайдовчидан юқори даражада эътибор ва сабр талаб этилади. Йўлдаги тирбандлик, пиёдалар, бошқа транспорт воситалари, об-ҳаво шароити ва йўловчиларнинг ҳаракати — буларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида назорат қилиш зарур. Ҳайдовчининг юқори малакаси нафақат автобусни профессионал бошқариш, балки минглаб йўловчиларнинг хавфсизлиги, хизмат сифати ва жамоат транспортига бўлган ишончнинг муҳим омили.
Маълумотларга кўра, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида 4 000 нафардан ортиқ автобус ҳайдовчиси фаолият олиб бормоқда. Уларнинг қарийб 2 000 нафари сўнгги 6 ой давомида малака ошириш жараёнларидан ўтган. Малака дарсларида Хитой ва Сингапурда автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш, уларнинг касбий малакасини мунтазам ошириб бориш, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш борасида қўлланилаётган тажрибалар борасида маълумотлар тақдим этилган.
Аслида автобус ҳайдовчилари учун қандай талаблар қўйилади?
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, жамоат автобуси ҳайдовчисига қўйиладиган асосий талаблардан бири — тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш. Шунингдек, номзоднинг соғлиғи, касбий тайёргарлиги ва транспорт бошқариш бўйича тажрибаси ҳам инобатга олинади. Ҳайдовчи автобуснинг техник ҳолатига ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг асосий тизимларини текшириш, аниқланган носозликлар ҳақида масъул ходимларга хабар бериш — хавфсиз ташишнинг муҳим шартларидан. Бундан ташқари, ҳайдовчи йўналишни яхши билиши, белгиланган бекатларда тўхташи ва ҳаракат жадвалига риоя қилиши лозим.

Автобус ҳайдовчисининг иш куни оддий кўриниши мумкин. Аммо у бошқараётган транспорт воситасида бир вақтнинг ўзида ўнлаб йўловчи бўлади. Шу сабабли ҳайдовчининг ҳар бир қарори нафақат ўзининг, балки кўплаб инсонларнинг хавфсизлигига таъсир қилади. Шунинг учун жамоат автобуси ҳайдовчиси йўловчилар хавфсизлиги, шаҳар ҳаракати ва жамоат транспорти сифати учун масъул мутахассис.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА