Жамоат транспорти янгиланмоқда: Йўловчилар учун қулайлик
Илгари автобуснинг қачон келишини билмай, бекатда анча вақт кутишга тўғри келарди. Бугун эса жамоат транспортидаги ўзгаришлар фақат янги автобуслар билан эмас, балки қатновлар оралиғининг қисқариши, қишлоқларнинг транспорт тармоғига уланиши ва йўловчилар оқимининг ортиши билан ҳам намоён бўлмоқда.
Аслида юртимиз жамоат транспорти кейинги йилларда авваллари энг кўп танқид қилинадиган соҳадан қисқа вақтда катта ислоҳотларга юз буриб, сезиларли янгиланишлар олиб кирилган тизимга айланди. Ҳозир одамлар доимий қатнов учун автобус ёки метрода ҳаракатланиш анча қулайлиги ҳақида гапиряпти. Амалиётда ҳам йўловчилар оқими ошиб бораётганини кўриш мумкин, рақамлар тез-тез янгиланяпти.
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ташкил этилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, бугун республикада 3 минг 389 та тадбиркорлик субъекти 374 минг 536 та автотранспорт воситасида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Шундан жамоат транспорти йўналишларида жами 36 минг 878 та автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, бундан 8 минг 174 таси автобус, 4 минг 855 таси микроавтобус ва 23 минг 849 таси “Дамас” автомашиналарини ташкил этади. Бундан ташқари, 335 минг 541 та ўзини-ўзи банд қилган шахслар, йўналишсиз такси фаолиятида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиб келмоқда. Республикада жами 2 868 та йўловчи ташиш йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу йўналишлардан 653 таси шаҳар ҳудудида, 2 041 таси шаҳар атрофида, 174 таси вилоят ҳудудида шаҳарлараро йўналишларни ташкил этади.
Транспорт соҳасидаги муҳим ўзгаришлардан бири — ташувчилар фаолиятини баҳолаш мезонларининг ўзгариши. Брутто-шартнома тизимида ташувчига тўлов йўловчилардан тушган маблағга эмас, балки бажарилган транспорт иши ҳажми ва хизмат сифатига қараб белгиланади. Бу эса автобусларни белгиланган жадвал асосида ҳаракатлантириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган. Мазкур тизим жорий этилган йўналишларда ҳаракат интервали ўртача 18–20 дақиқадан 10–12 дақиқагача қисқарган. Йўловчининг манзилга етиб бориш вақти эса 45 дақиқадан 30 дақиқага тушган. Бугунги кунда республика бўйича шакллантирилган 418 та брутто-йўналишдан 282 таси амалда фаолият юритмоқда. Уларда автобуслар ҳаракатини онлайн назорат қилиш ва бажарилган транспорт ишини ҳисобга олиш учун IVMS ахборот тизими жорий этилган.

Қулай транспорт тизими фақат йирик шаҳарлар учун эмас, балки туман марказларидан узоқда жойлашган қишлоқлар аҳолиси учун ҳам муҳим. Айниқса, ишга, ўқишга, шифохонага ёки давлат идораларига боришда мунтазам қатновнинг мавжудлиги аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир қилади. 2020–2026 йилларда республика бўйича 1 минг 37 та янги жамоат транспорти йўналиши ташкил этилган. Амалга оширилган ишлар натижасида транспорт билан қамраб олинган маҳаллалар сони 9 минг 331 тага етди. Эътиборли жиҳати, жамоат транспорти билан қамраб олинмаган маҳаллалар сони 2021 йилдаги 1 минг 118 тадан 111 тагача камайган. Қамров даражаси эса 87,9 фоиздан 98,8 фоизга етган. Бу кўрсаткич транспорт хизматларининг ҳудудлар бўйлаб кенгайиб бораётганини англатади. Бироқ қамровнинг юқори бўлиши билан бирга, йўналишлардаги қатновлар мунтазамлиги, автобусларнинг техник ҳолати ва аҳоли эҳтиёжига мос жадвалларни таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳудудларда ҳам янги транспорт воситаларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Хоразмдаги троллейбус саройи учун 10 та замонавий троллейбус харид қилинган бўлиб, уларни Урганч темир йўл вокзали — Хива йўналишига жойлаштириш режалаштирилган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Нукус, Самарқанд ва Наманган шаҳарлари учун жами 252 та электробус харид қилиш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар эса шаҳар ва туманлардаги автобуслар сонини 5 мингтага, электробуслар сонини 2 мингтага етказиш режалаштирилган.
Янги автобусларни харид қилишнинг ўзи етарли эмас. Агар улар умумий транспорт оқимида тирбандликда қолиб кетса, қатнов жадвалига риоя қилиш ва йўловчиларни манзилга ўз вақтида етказиш қийинлашади. Шу сабабли алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш ҳам жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозир Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида жами 432,3 километр алоҳида автобус йўлаги ташкил этилган. 2026 йилда эса қўшимча 87 километр шундай йўлак фойдаланишга топширилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА