Хитой рассомлари иштирокида маҳорат дарси ташкил этилди
Ўзбекистон ва Хитой рассомларининг халқаро маҳорат дарси санъат таълимида янги даврни бошлаб берди. Ижодкорлар замонавий тенденциялар ва ноёб ёндашувлар билан танишдилар. Бу ҳамкорлик келажак санъатини қандай ўзгартиради?
Санъат – улкан салоҳият ва тафаккур эгаси бўлган инсонларга бериладиган муқаддас вазифа. Бунда рассомлик алоҳида аҳамият касб этади. Бўёқлар орқали борлиқни жонлантириш кишини ҳайратга солади. Аммо истеъдод қанчалик ёрқин бўлмасин, меҳнат билан сайқалланмаса, шоҳ асар яратиш имконсиз. Юртимизда ижод қилаётган рассомларнинг маҳоратини ошириш ҳамда халқаро тажрибасини бойитиш мақсадида “Бадиий таълимнинг замонавий тенденциялари ва тажрибаси” мавзусидаги халқаро илмий-амалий маҳорат дарси ташкил этилди.
Семинарни Хитойдан ташриф буюрган рассомлар олиб борди. Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида ташкил этилган маҳорат дарси давомида хитойлик ижодкорлар тасвирий санъат соҳасидаги касбий тажрибалари, ижодий изланишлари ҳамда ўзларига хос бадиий услуб ва техникалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, санъат асарларини яратиш жараёнидаги ижодий ёндашувлар, композицион ечимлар ва бадиий ифода воситаларининг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

Иштирокчилар амалий машғулотлар орқали хитойлик рассомларнинг ижодий фаолияти билан яқиндан танишиш, турли бадиий мактабларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш ҳамда халқаро санъат тажрибасидан янги билим ва таассуротлар олиш имкониятига эга бўлди. Тадбир давомида Ўзбекистон ва Хитой бадиий анъаналари, замонавий тасвирий санъатдаги ижодий ёндашувлар ҳамда санъат таълимида амалий тажриба алмашишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай халқаро маҳорат дарслари рассомлар ва педагоглар ўртасида ижодий мулоқотни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш ҳамда бадиий таълим жараёнини янги ғоялар ва ёндашувлар билан бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, мазкур маҳорат дарси икки мамлакат ўртасидаги маданий ва академик ҳамкорликни янада ривожлантириш, санъат орқали халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ижодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА