Жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга айлантирилди
Ҳар бир инсон ўз уйида, иш жойида, кўчада ёки жамоат жойларида ўзини хавфсиз ҳис қилиши керак. Айнан шу мақсадни амалда самарали таъминлаш учун жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга айлантирилди.
2026 йил 20 майда кучга кирган “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Хавфсизликни таъминлаш соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, профилактика, рақамлаштириш, замонавий техник воситаларни жорий этиш, масъул органлар фаолиятини аниқ ваколатлар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Қўриқлаш фаолияти эса жамоат хавфсизлигининг муҳим таркибий қисми бўлиб, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулки, стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни турли тажовузлардан ҳимоя қилади.
Президентимизнинг 2025 йил 4 мартдаги қарорига мувофиқ, Миллий гвардия таркибида фаолият юритиб келган Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди.
Бироқ, амалдаги қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларида ҳалигача ваколатли орган сифатида Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси кўрсатилган нормалар сақланиб қолган эди.
Бу эса ҳуқуқни қўллаш жараёнида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча бюрократик тўсиқлар вужудга келишига сабаб бўлди.
Шу боис, қонунчиликдаги бир-бирини такрорловчи ва эскирган нормаларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида мазкур қонун ишлаб чиқилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳамда бошқа объектларни тажовузлардан ҳимоя қилиш ишлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Хусусан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидалари, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш каби қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилди.
Бунинг натижасида ҳуқуқбузарликка нисбатан тезкор ва профессионал ёндашув шаклланади, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади ва, энг асосийси, аҳолида қўриқлаш қоидаларига риоя қилиш интизоми ортади.
“Ички ишлар органлари тўғрисида” ва “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилиб, қўриқлаш фаолияти соҳасидаги аксарият ваколатлар ва вазифалар ушбу департаментга ўтказилгани сабабли тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга айланди.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикасининг алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини бажаришга рухсатнома бериш ваколатини Миллий гвардиядан Ички ишлар вазирлигига ўтказишга оид меъёр киритилди.
Қўриқлаш техник воситалари ва тизимларини монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида Ички ишлар вазирлигини хабардор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар ҳам қонунчиликка киритилди.
Бу ўзгаришлар хавфсизлик талаблари бўйича ягона стандартлар жорий этилиши, техник воситаларнинг сифати ва ишончлилиги ошиши, хавфли объектларда инсон омилидан келиб чиқадиган хатарларни камайтиришга хизмат қилади.
Тадбиркорлик субъектлари учун хабардор қилиш тартиби жорий этилиб, ортиқча рухсат олиш жараёнлари қисқартирилди.
Хулоса қилиб айтганда, хавфсизликка фақат жазо орқали эмас, балки профилактика орқали эришиш муҳим тамойиллардан бири ҳисобланади. Қонун эса айнан шу тамойилга таянади ва бу ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА