Жабрланган аёлларга ҳуқуқий кўмак берилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги 354-сонли қарорига асосан тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш каби хизматлар кўрсатилиши белгиланган.
Бунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлиги муҳим саналади.
Шу муносабат билан Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Хоразм вилояти ҳудудий маркази билан ҳамкорликда марказдаги жабрланувчи аёллар учун ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот тадбири ташкил этилди.

Давра суҳбатида Бюронинг Урганч шаҳар бўлими давлат ижрочиси Дурдона Атамуратова ҳамда Урганч тумани бўлими давлат ижрочиси Наргиза Худойбергановалар томонидан жабрланувчи аёлларга алимент ва бошқа ижро ҳужжатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

– Жамиятда аёллар ва болалар ўзини ҳимоясиз сезиши бу аянчли ҳолат, – дейди Урганч шаҳар бўлими давлат ижрочиси Дурдона Атамуратова. – Тегишли органлар ва жамоатчилик тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга тинимсиз ҳаракат қилаётган бўлса ҳам афсуски бундай ҳолатлар учрамоқда. Бугунги учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини ҳам тушунтирдик.

Самимий ва очиқ ўтган мулоқот давомида аёллар ўзларини ўйлантираётган масалалар юзасидан берган саволларига ҳуқуқшунос мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири