“Яхшилик марафони” – халқ билан ҳамжиҳатлик ифодаси
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Нукус тумани Кенгаши томонидан Нукус туманидаги “Саманбай”, “Ақманғит” ва “Дийқан арна” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Яхшилик марафони” хайрия тадбири ташкил этилди.
Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган мазкур хайрли ташаббус аҳоли муаммоларини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Тадбирда ЎзЛиДеПдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, тадбиркор Алишер Жуманазаров фаол иштирок этиб, ўз ташаббуси билан бир қатор эзгу ишларни амалга оширди.
Хусусан, маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам даромадли, кўп болали оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг турмуш шароитлари ўрганилди ҳамда манзилли ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Дийқан арна маҳалласида яшовчи кўп болали оилалар Улдай Ерназарова ҳамда Роза Торебаева узоқ йиллардан бери ишсиз бўлиб, эски тикув машиналари орқали маҳалладаги хотин-қизларга буюртма асосида кийим-кечак тикиб, рўзғор тебратиб келаётгани аниқланди. Ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда, депутат томонидан уларга замонавий тикув машиналари совға қилинди. Бу эса икки нафар хотин-қизнинг ўзини ўзи банд қилиш, даромадини ошириш ва оилавий фаровонлигини таъминлаш имкониятини кенгайтирди.
Шунингдек, маҳаллалардаги 10 та хонадонда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари ҳамда молиявий ёрдам тақдим этилди. Айниқса, Ақманғит маҳалласида истиқомат қилувчи кекса онахон Нишангул Кулмуратова узоқ вақтдан буён даволанишга эҳтиёж сезиб келаётгани инобатга олиниб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида саломатлигини тиклаш учун махсус даволаниш йўлланмаси ажратилди.
Бундай хайрли тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий масъулиятни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, “Халқ билан бирга” тамойилининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.