Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганига уч йил тўлди
Қарши шаҳридаги "Имкон" реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганлигининг уч йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритаётган, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида самарали меҳнат қилиб келаётган ижтимоий ходимлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ижтимоий ходимларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақият тилади.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятида сўнгги уч йил давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва оғир турмуш шароитида яшаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 55 мингдан ортиқ ҳолат бўйича кейслар очилиб, улар учун индивидуал ижтимоий ҳимоя режалари ишлаб чиқилган.

Тадбир давомида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ижтимоий ходимларнинг меҳнати эътироф этилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, “Имкон” реабилитация маркази тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир иштирокчилари марказда яратилган шарт-шароитлар ҳамда унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири