Истеъмолчилар мурожаатлари ижобий ҳал этилди
Навоий вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалий ишлар давом этмоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида уларнинг қонуний манфаатлари тикланди.
Жумладан, Навбаҳор тумани Гужбоғтепа маҳалласида яшовчи фуқаро Зафар Тошев Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “1091” ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, Кармана туманидаги “GARANT” савдо марказидан шартнома асосида харид қилган Samsung A26 8/128 русумли мобиль телефоннинг шартномада кўрсатилган модели берилмаганидан норозилик билдирган.
Мурожаат жамият мутахассислари томонидан қонунчилик талаблари асосида ўрганилди. Ўрганиш жараёнида савдо маркази раҳбарияти ва ходимларига истеъмолчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тушунтирилди. Натижада фуқарога шартномада белгиланган мобил телефон топширилиб, муаммо ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, Навбаҳор туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушган яна бир мурожаат ҳам ижобий ҳал этилди.
Унда фуқаро туман марказий деҳқон бозорида ташкил этилган ярмаркадан 7 миллион сўм эвазига 10 метрли гилам харид қилгани, аммо кейинчалик товар ўлчами талабига мос келмагани учун уни қайтаришга ҳаракат қилгани, бироқ сотувчи маҳсулотни қабул қилиб олмаганидан шикоят қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишда мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди. Туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъул ходимлари иштирокида масала ҳал қилиниб, истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири