Ижодий мулоқотлар ижодкорга илҳом беради
Бобур шаҳрида ўтказилаётган Рассомлар фестивалида рангтасвир, графика, миниатюра, ҳайкалтарошлик, фоторассомлик ва бошқа йўналишларда намойиш этилаётган турли мавзулардаги, ранг-баранг ижодий ишлар кўплаб кузатувчиларда катта таассурот қолдирмоқда.
Ана шу жараёнда айрим мусаввирлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг қизиқиш ва қалб кечинмалари билан ўртоқлашдик.
Рустамжон Ўрозов, Жалақудуқ туманидаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси:

– Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу фестиваль ўтказилаётганлигидан республикамизнинг барча рассомлари беҳад хурсанд. Чунки ўз ижодимизни намойиш этиш билан бирга, бир-биримиздан ўрганяпмиз, ўзаро фикр алмашяпмиз, мулоқотлар ўтказяпмиз. Бу, албатта, барчамизни янада шижоат билан ижод қилишга ундайди. Фестивалда “Жалақудуқнинг етти гўзали” номли ва бошқа қатор ижодий ишларим билан иштирок этяпман. Ижод намуналарим фестиваль кўргазмаларига ташриф буюраётган меҳмон ва мухлисларга манзур бўляпти. Уларнинг кўпчилиги ўзларининг ҳиссиётлари билан ўртоқлашмоқда, фикрларини билдирмоқда. Мухлисларнинг фикри, эътибор ва эътирофи эса ҳар қандай ижодкор, айниқса, мусаввир учун жуда ёқимлидир.
Акром Баҳромов, Камолиддин Бехзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси:

– Бобур шаҳридаги гўзал “Зиёлилар” боғида ўтказилаётган фестиваль жуда чиройли ўтмоқда. Ҳар бир вилоят тасвирий ва амалий санъат вакиллари ўзлари учун ажратилган кўргазма майдонларида ижод намуналарини, ижодий салоҳиятларини намойиш этмоқда. Энг асосийси, фестиваль доирасидаги ҳамкасблар, мухлислар билан мулоқотлар ижод йўналишида бизга кўп нарса берди, бир-биримиздан кўп нарса ўргандик. Фестивалда мен ҳам графика, плакат йўналишидаги ижодий ишларим билан қатнашяпман. Ишонаманки, экспертларимиз томонидан ҳар бир иш муносиб баҳоланади.
Зафар Рўзиқулов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом:

– Юртбошимиз ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу фестиваль биз ижод аҳлига ижодий ишларимизни кенг жамоатчиликка намойиш этиш имконини берди. Ишонаманки, фестиваль мен каби кўплаб ижодкорларга янги-янги асарлар яратиш учун илҳом, куч, шижоат беради. Мен фестивалда “Қалбимдаги Ватаним” деб номланган фотокўргазма билан қатнашиб, мухлисларимиз, юртдошларимизни 100 дан зиёд асарларим билан баҳраманд этмоқдаман.
Фахриддин Убайдуллаев ёзиб олди,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.