Италия туристик от-араваларни тақиқламоқчи
Италия парламентида Рим ва бошқа тарихий шаҳарларда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи от-аравалар ҳаракати тақиқланишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу ҳужжат қабул қилинса, мамлакатда ҳайвонлар ёрдамида йўловчи ташиш амалиётига барҳам берилиши мумкин. Ташаббусни бир неча сиёсий партия қўллаб-қувватлади. Муаллифлар айни қадам ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидламоқда.
Ташаббус амалдаги Йўл ҳаракати қоидасининг ҳайвон қўшилган арава ҳаракатини тартибга солувчи моддаси бекор қилинишини кўзда тутади. Шу тариқа саёҳат, дам олиш тадбири ёки маросимда отдан фойдаланиш тўлиқ тақиқланиши режалаштирилган. Ташаббускорлар маҳаллий даражадаги чеклов етарли самара бермаётганини билдириб, масалани миллий даражада ҳал қилиш вақти келганини айтмоқда.
Экология ва жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Уларнинг фикрича, замонавий шаҳар кўчалари ҳамда ёзги юқори ҳарорат шароитида ишлатиш от саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Айниқса, қизиб кетган асфальт ҳайвонлар учун ноқулайлиги таъкидланди. Шу боис мазкур анъанадан воз кечиш зарурлиги қайд этилди.
Август ойи давомида Римнинг асосий сайёҳлик ҳудудларида ўтказиладиган “A piedi è più bello” акцияси пиёда сайр қилишни тарғиб этиш баробарида туристик от-аравадан воз кечиш ғоясини ҳам илгари суради. Лойиҳани шаҳар маъмурияти ва жониворларни муҳофаза қилиш соҳаси вакиллари қўллаб-қувватламоқда. Қонун лойиҳаси тақдири эса парламент муҳокамаси натижасига боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА