Истиқлол йилларида ёшлар сиёсати юксак даражага чиқди
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” — мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги айнан шу бош ғоя асосида кенг шодиёна қилинмоқда. Ушбу ғоя замирида юртимизнинг барча соҳада босиб ўтган шонли тарихи, бугуни ва эртаси мужассам. Давлатимиз, жамиятимиз ҳамда инсонлар ҳаётида бўй кўрсатган туб ўзгаришлар ва келажакка бўлган ишонч ўз аксини топган.
Истиқлол йиллари, айниқса, юрт ёшлари ҳаётида ўчмас ва ёрқин саҳифа яратди. Ёшлар сиёсати доирасидаги саъй-ҳаракатлар ва йигит-қизларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов ўз мулоҳазаларини билдирди:
— Бугун мустақил Ўзбекистон 35 йиллик шонли тарихини нишонлаяпти. Янги Ўзбекистон — бу кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун инсон ҳуқуқлари, уларнинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилган. Шу мақсадда давлат ва жамиятда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги бўлаётган ўзгаришларнинг натижаси юртимизнинг эртанги ривожланишига хизмат қилади.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда парламентаризм, инсон капитали, шахсни ривожлантириш, жамият ва давлатнинг муҳим босқичларида ёшларнинг фикрларини инобатга олишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Мамлакатимизнинг ривожланиш йўлида жуда катта ҳисса қўшаётган ёшлар вакиллари кўпайиб бормоқда. Бугун жамият ва давлатда ёшлар манфаатлари биринчи ўринга чиқарилди. Алоҳида “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” тизими шакллангани, бу тизим орқали эса мамлакатимизда ижтимоий қатламга алоҳида эътибор қаратилаётгани бунинг ёрқин мисоли.
“Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегияси қабул қилингани ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилаётгани, янгиланган Конституциямизда ёшлар борасида алоҳида боб ва моддалар киритилгани ёшлар ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилганидан далолат.
Бундан ташқари, 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти институти ташкил этилди. Ёшлар парламенти бу нафақат мамлакатимиз ёшларининг овози парламентда янграшига, балки уларнинг ғояларини парламент минбарларига олиб чиқишга хизмат қилади ва бу жараёнда ёшлар бугун фаол иштирок этишяпти.
Ўзбекистоннинг Ёшлар парламенти институти Марказий Осиё давлатларида ҳам алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, Тошкентда Ўзбекистон — Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми илк маротаба ўтказилган бўлса, яқинда Иссиқкўлда иккинчи форум ўтказилди. Ўзбекистон андозаси асосида Қирғиз Республикасида ҳам Ёшлар парламенти ташкил этилди. Қирғиз Республикаси Ёшлар кенгаши депутатлари томонидан бир қатор муҳим таклифлар илгари сурилди. Уларнинг Кенгаши бизнинг платформамизга жуда катта қизиқиш уйғотди.
Энди бу шаклни Марказий Осиё даражасига кўтариб, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Озарбайжон мамлакатлари иштирокида “Марказий Осиё+Озарбайжон” форматини ташкил этишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Бугун миллий парламентимизда ёшлар фаол иштирок этишяпти, қонунчилик жараёнида, ялпи йиғилишларда қатнашишяпти. Қонунларни қабул қилишда таклифлар, ташаббуслар беришяпти. Умуман, ёш парламентарийларни қўллаб-қувватлаш — бу Ўзбекистоннинг ўзига хос намунаси. Бу эса халқаро жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олиняпти.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасидаги ислоҳотлар юртимиз келажаги бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этиш, иқтидорини юзага чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА