Истиқлол қадимги илмий бойлигимизни замонавий илмий майдонга олиб чиқди
Сайёрамизда шундай гўшалар борки, уларнинг тупроғида ўтмиш нафаси, бугуннинг бунёдкорлик руҳи ва келажак умиди бир-бири билан уйғунлашади. Сурхондарё ана шундай замин. Бу ҳудуд фақат Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси эмас, балки асрлар давомида илм, маърифат ва тафаккур ривожланган қадимий тамаддун ўчоғи сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлиб келган.
Бугун мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида Сурхондарёнинг тарихий ва маънавий салоҳияти янгича мазмун касб этмоқда. Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бир томондан аждодлар меросини тиклаш ва чуқур ўрганишга, иккинчи тарафдан замонавий, билимли, мустақил фикрлайдиган ва бағрикенг авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бу жараённинг моҳиятини бир жумла билан ифодалаш мумкин: кечаги буюк мерос – бугунги маърифат – эртанги тараққиёт.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган Янги Ўзбекистон ғояси марказида инсон ва унинг қадр-қиммати туради. Ваҳоланки, инсоннинг маънавий дунёси билими, тарбияси, маърифат ва соғлом дунёқараши билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни фақат диний таълимни ривожлантириш ёки тарихий обидаларни таъмирлаш билан чеклаб бўлмайди. Бу жамиятнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, диний масалаларда тўғри ва ишончли билим бериш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли жараёндир.

Сурхондарё ҳақида сўз борганда, аввало, Термиз номи кўз олдимизга келади. Бу шаҳар нафақат қадимий тарих ва бетакрор археологик ёдгорликлари, балки буюк алломалари билан ҳам машҳур.
Ана шундай улуғ зотлардан бири – Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий. Ул зотнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси ислом оламида беқиёс ўрин тутади. Алломанинг илмий мероси асрлар оша ўз қадрини йўқотмай келаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки унда инсонни эзгуликка, ҳалолликка, одоб-ахлоққа, илмга ва комилликка чорловчи ғоялар мужассам.
Истиқлолнинг кейинги йилларида Имом Термизий меросининг қайта ва чуқур ўрганилаётгани Сурхондарёдаги диний-маърифий ислоҳотларнинг энг ёрқин намунаси, эркин ва озод ҳаётимиз меваси. Бу борадаги ишлар тарихни шунчаки эслаш эмас, балки ундан келажак учун маънавий куч олишга қаратилган.
Аждодлар меросини ўрганишнинг энг катта аҳамияти шундаки, у ёш авлодга ўз тарихини англаш имконини беради. Бугун Термиз заминида Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий буюк алломалар илмий меросининг кенг ўрганилаётгани ёшлар учун катта маънавий мактаб вазифасини бажармоқда. Тарихни билган ёш ўзлигини чуқурроқ англайди. Ўзлигини англаган инсон бегона ва ёт ғояларга кўр-кўрона эргашмайди.
Шу маънода диний-маърифий ислоҳотларнинг энг катта натижаси фақат янги марказлар, илмий анжуманлар ёки таълим муассасалари билан эмас, балки илмга интилаётган, тарихини биладиган, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ёшлар билан ўлчанади.

Сурхондарёда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар орасида илмий-тадқиқот маркази ва диний таълим муассасаларининг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази алломанинг бой меросини ўрганиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва Термиз ҳадис мактабининг жаҳон илм-фанидаги ўрнини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Халқаро илмий конференциялар, илмий тадқиқотлар, хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик ва алломалар асарларини тадқиқ этиш Сурхон замининнинг қадимий илмий салоҳиятини замонавий илмий майдонга олиб чиқмоқда.
Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меъросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, энг муҳими ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш учун Термиз шаҳрида 2020 йил “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди. Диний таълим соҳасидаги хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида 2024-2025 ўқув йилидан Имом Термизий номидаги ислом институти очилиб, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлиги таъминланди. Мазкур институтда ислом илмлари, хадис илми ва араб тили йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Айни пайтда Сурхон воҳасида бир жойда учта диний-маърифий маскан яъни, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Имом Термизий номидаги ислом институтининг фаолият юритаётгани қадимий воҳа халқининг асрий орзуларини руёбга чиқарди. “Қуръони карим ва тажвид” курсининг ташкил этилгани воҳа аҳлининг диний-маърифий соҳадаги илмга эҳтиёжини қондириб, Қуръони карим қироатидан дастлабки сабоқларни ўрганишга қулай муҳит яратди.
Ҳозирда, қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхондарёда аждодлардан мерос қолган илмни чуқур ўрганиб асраш, уни замон билан уйғунлаштириб ва келажак авлодга янада бойитиб етказиш учун барча шароит яратилди. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар мамлакатимизда диний ва дунёвий илмларни мукаммал ўрганишга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Камол Исламов,
“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори