Эрк ва озодлик курашчилари хотираси унутилмайди
Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. Сир эмаски, етмиш йилдан зитёд вақт мобайнида давом этган собиқ шўро тузуми халқимизнинг миллий, диний қадриятларини асраб-авайлашга йўл қўйилмади.
ХХ аср бошида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи советлар тузуми биринчи кундан бошлаб шу заминда яшаётган халқлар бошига сон-саноқсиз қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Туркистон замининг илғор вакиллари истиқлол, эрк ва миллий-озодлик учун кураш олиб борди. Турли манбаларда таъкидланишича, бу курашда 1 миллион 900 минг нафар туркистонликлар Ватандан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди, 1 миллион нафардан зиёди Сибирга, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказга, Уралга, Қозоғистонга, Узоқ Шарққа, Кавказ, Волгабўйи районларига бадарға қилинди.
Тарихимизнинг қатағон билан боғлиқ саҳифалари бугун қандай ўрганилмоқда? Юртдошларимиз, ёшлар ана шу ҳақда нималарни билади?
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб, тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, хусусан, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга қаратилган жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Бу борада пойтахтимиз Тошкентда ҳамда вилоятларда ташкил этилган Қатағон қурбонлари хотираси музейлари томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.


Жумладан, 2018 йилдан буён фаолият юритиб келаётган З.Бобур номидаги Андижон давлат университети тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейи жамоаси томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилди.
Қатағон қурбонлари хотираси музейи учун университетнинг янги ўқув биносининг биринчи қаватидан жой ажратилган. Айни кунда музейнинг умумий майдони 741,8 квадрат-метр бўлиб, катта зал, 9 бўлимдан иборат экспозиция заллари мавжуд. Музей экспонат ва кўргазмали воситалар учун замонавий мебеллар, инфокиоск, видеопроектор каби техник жиҳозлар ҳамда экспозиция заллари микроиқлимини мўътадиллаштириб турувчи махсус қурилма билан таъминланган.
– Музейимиз юртимиз тарихи, хусусан, қатағон даври тарихига оид жуд кўп манбааларга эга, – дейди Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов. – Музей фонди ва залларидан 30 та портрет, 15 та баннер, 9 та харита, 1 минг 200 дона тарихий расм, 2 минг 698 та матнли маълумотлар, 359 та газета, 562 та архив ҳужжатлари, 1 минг 560 та мавзуга оид китоблар, 42 та тарихий буюм, 18 та стенд, 110 та журнал, жами 6 минг 598 та экспонат ўрин эгаллаган. Ўтган йиллар давомида мутахассисларимиз томонидан юртимиз ва хорижий давлатлар архивларида сақланаётган қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ 1 мингдан зиёд ҳужжатлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 200 дан ортиқ мақола, 100 га яқин китоблар нашр этилди, кўплаб семинар ва анжуманлар ўтказилди.


Дарҳақиқат, профессор Рустамбек Шамсутдинов ҳамда бир гуруҳ олимлар, тадқиқотчилар муаллифлигида 2021 йилда “Академнашр” нашриётида икки томлик “Қатағон қурбонлари хотира китоби. Андижон вилояти (1865-1991 йиллар)” китоби нашр этилди. Мазкур китоб 2025 йилда тўлдиришлар қилинган ҳолда қайта чоп этилди.
Ушбу китобдан 1860-1916 йилларда халқ қўзғолонларида қатнашганлиги учун жазоланган 1 минг 285 нафар, 1917-1924 йилларда совет ҳокимиятига қарши курашган 93 нафар, 1926-1936 йилларда турли сиёсий айбловлар ва “қулоқ”лаштириш қурбони бўлган 871 нафар, 1937-1938 йиллардаги “катта қирғин” қурбони бўлган 2 минг 33 нафар, 1940-1950 йилларда қатағон қилинган ва “Пахта иши” қурбони бўлган 121 нафар, жами 4 минг 403 нафар инсон ҳақидаги маълумотлар ўрин олган
Ўтган 2025 йили ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қатағон қилинган жадидлардан 40 нафари ҳақида тарихий, ҳужжатли очерклар эълон килинди. “Жадид" газетасининг “Қатағон қурбонлари” рукни остида 700 нафар катағон қурбонининг ҳаёти ва фаолияти қисқача ёритилди. “Водийнома” илмий, ижтимоий-тарихий ва оммабоп журналида жадидчилик тарихи ва жадидларга бағишланган 200 яқин ортиқ илмий-оммабоп мақолалар эълон килинди.
Шунингдек, ўтган йили “Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракати тарихи” мавзусида илмий-тадқиқот амалга оширилди. Ана шу илмий-тадқиқот натижасида “Академнашр” нашриётида Р.Шамсутдинов, А.Маҳкамов, Н.Акбарова муаллифлигида “Ўрта Осиёдаги жадидчилик ҳаракати тарихидан” номли китоб чоп этилди. Унда қатағон этилган 35 нафар жадидларнинг ҳаёти, тақдири ҳақида бирламчи манбалар асосида маълумотлар келтирилган.


Қатағон қурбонлари ва жадидларнинг вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида номма-ном аниқлаш, уларнинг ҳаёти, фаолияти, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш мақсадида олим ва мутахассислардан иборат гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган бирламчи архив ҳужжат ва материаллар асосида 60 нафарга яқин қатагон курбонлари аниқланди, улар ҳақидаги тўпланган маълумотлар музей фондига жойлаштирилди.
Музей ташаббуси билан совет тузими даврида қатағон қилинган Саидсултон Сайдалин, Жалил Баратов, Иномжон Хидиралиев, Шамсиддин Бадриддиновнинг авлодлари билан учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувларда олимлар, давлат идоралари, кенг жамоатчилик вакиллари, талабалар иштирок этди.
Йил бошида Андижон давлат университетида қатағон қурбони бўлган ака-ука Хасанхон ва Хусанхон Ниёзийларнинг хотирасига бағишлаб “Ўчмас чироқлар” деб номланган республика илмий-маърифий анжуман ўтказилди.

Кейинги йилларда музей экспонатларини бойтиш, янги маълумотлар билан тўлдириш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилди. Жумладан, турли бўлим ва залларга Россия империяси босқини ва мустамлакачилик истибдодига қарши кураш мавзусига, шунингдек, Абдулҳамид Чўлпон, Миркомилбойнинг ҳаёти ва фаолиятига доир янги маълумотлар, қатағон қурбони бўлган аёлларга бағишланган “Алжир лагери”, Иномжон Хидиралиев ва Бокудаги Шарқ халқларининг биринчи съезди мавзулари ҳамда “ГУЛАГ” лагеридаги маҳбуслар ҳаёти ва фаолиятига оид янги стендлар ўрнатилди.
Олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, музейга ташриф буюрувчилар сони ҳам йилдан-йилга ортмоқда. 2024 йилда музейга 8 минг нафардан зиёд киши ташриф буюрган бўлса, ўтган 2025 йилда уларнинг сони 10,5 минг нафардан ортди. Ташриф буюрувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди.
Бу, албатта, халқимиз, айниқса ёшларнинг тарихимизга, миллий ўзликни англашга, тарихий ҳақиқатларни билишга бўлган иштиёқ ва қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Бу ёруғ ва дориламон кунларни барпо этиш йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, тинч-осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга куч-қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклайди. Эрк ва озодлик йўлида курашган юрт фидойиларини, уларнинг эзгу ва хайрли ишларини халқимизга танитиш йўлда иш олиб бораётган музей жамоаси фаолияти ишонамсизки, бундан буён янада самарали бўлади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари