Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар таҳлил этилди
Навоий вилоятида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳудудий бошқармасида жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мулоқотда қўмита раиси Халилилло Тўрахўжаев сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, тадбирда ҳудудий бошқарма фаолияти юзасидан маълумотлар тақдим этилди. Қайд этилишича, 2025 йил давомида бошқармага жисмоний ва юридик шахслардан 1800 дан ортиқ, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 500 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар натижасида 2025 йилда 35 миллиард сўм, жорий йилнинг ҳисобот даврида эса қарийб 10 миллиард сўм маблағ истеъмолчилар ва тадбиркорлар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

– 2025 йилда давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган 700 га яқин тендер савдоларида рақобатга зид ҳолатлар аниқланган, – дейди ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари Мамазариф Элмуродов. – Шундан 342 таси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот тақдим этилган, 328 та ҳолат юзасидан эса 45 та иш қўзғатилган. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 426 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларнинг 406 таси бўйича тегишли органларга маълумот киритилган ва 20 та ҳолат бўйича 7 та иш қўзғатилган. Шу билан бирга, тендер савдоларида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 60 га яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Товар-хом ашё биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни реализация қилиш жараёнлари ўрганилиб, 2026 йилнинг биринчи чорагида 3 та субъектга нисбатан рақобат қонунчилиги бузилиши бўйича ишлар қўзғатилган.

Бундан ташқари, ташқи реклама объектлари юзасидан 400 дан ортиқ мониторинг ўтказилиб, 50 га яқин камчилик бартараф этилган. 12 та субъектга нисбатан эса иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилардан мурожаат ва таклифлар қабул қилинди ҳамда барча саволларга батафсил жавоб берилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири