Чигирткаларга қарши курашиш долзарб масала
Ҳар йили баҳор фасли келиши билан деҳқонларимизни бир муаммо ўйлантиради. Бу ҳам бўлса, экинларни зараркунандалар, жумладан, чигирткалардан ҳимоя қилиш ва асраб-авайлашдир.
Республикамизда чигирткаларнинг 200 га яқин турлари аниқланган бўлиб, уларнинг 8-10 тури қишлоқ хўжалик экинлари, яйловлари ва бошқа ўсимликларга жиддий зарар етказади. Чигиртка ўз вазнига нисбатан 300-400 баробар кўп миқдорда озиқланишини ҳисобга олсак, катта майдонларга зарар етказиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин.

Айни кунларда Навоий вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан “Зарарли чигирткаларга қарши курашиш тадбирларини самарали ташкил этиш” мавзусида амалий ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилда вилоятнинг чўл ҳудудларидаги яйловларда 41,5 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишловлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларга қарши 54,3 минг гектар майдонда кузатувлар олиб борилди.
Ҳудудда асосан зарарли чигирткаларнинг Италия пруси, Турон, воҳа, катта саксовул букур ҳамда марокаш чигирткаси каби турларига қарши кимёвий ишловлар олиб борилади.

Нурота туманида ўтказилган семинарда ҳам ушбу турдаги зарарли чигирткаларнинг оммавий тарқалишининг олдини олиш тадбирларини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш борасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолиятни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси ҳамда ФВ бошқармалари, шунингдек, қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган амалий семинарга жами 121 нафар шахсий таркиб, 15 дан ортиқ техника, 50 нафарга яқин ҳудуд аҳолиси ҳамда чорвачилик хўжаликлари ходимлари жалб этилди.

– Зарарли чигирткалар тарқалишининг олдини олиш ва ўз вақтида кимёвий кураш ишларини ўтказиш мақсадида 4 та отряд ташкил этилган, – дейди Навоий вилоят Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати раҳбари Аббос Жабборов. – Жараёнларда фойдаланиш учун 4 та юқори унумли пуркагичли махсус автомашина, 6 та пуркагичли трактор, 12 та моторли осма қўл пуркагичи, 2 та сув ташувчи транспорт воситаси, 4 та мотоцикл шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, етарлича ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий воситалар захиралари шакллантирилди. Ҳозирда чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати 24/7 режимида фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда хизмат агроном назоратчилари томонидан яйловларда кузатув назорат ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилда Нурота туманидаги яйловлардан ташқари, барча ҳудудларида зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишловлар ўтказилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири