Истеъмолчилар ҳуқуқи: суд қўмита қарорини ўз кучида қолдирди
Қонун устувор бўлган жойда адолат қарор топади. Айниқса, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда қабул қилинган қарорларнинг суд инстанциялари томонидан қонуний деб топилиши тизимдаги очиқлик ва масъулиятни янада мустаҳкамлайди.
Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясида “Ҳунарманд” МЧЖ томонидан Қўмита Махсус комиссиясининг қарори, Тошкент туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг қарорларини бекор қилиш юзасидан берилган тафтиш тартибидаги шикояти кўриб чиқилди.
Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги мазкур шикоятлар аввал туманлараро маъмурий суд ҳамда апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилиб, уларни қаноатлантириш рад этилган эди.
Тафтиш инстанцияси томонидан ҳам Қўмита Махсус комиссиясининг қарори ҳамда қуйи судлар қарорлари ўз кучида қолдирилди.
Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан “Ҳунарманд” МЧЖнинг “Тошкент – Хатирчи” йўналишида автобусда йўловчи ташиш хизматида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси биринчи қисми, 19-моддаси биринчи қисми ва 21-моддаси иккинчи қисми талабларини бузгани аниқланган.
Шунга кўра, истеъмолчилардан ортиқча олинган 700 миллион сўмдан зиёд маблағни қайтариш юзасидан кўрсатма берилган эди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА