Бухорода Осиё хотин-қизларининг форуми бўлиб ўтмоқда
Хабар берганимиздек, 13-15 май кунлари қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрида Осиё хотин-қизларининг II форуми ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.
Форумда 40 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг нуфузли вакиллари иштирок этмоқда. Жумладан, Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукумат вакиллари, дипломатик корпус ходимлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар экспертлари анжуман доирасида ўзаро тажриба алмашади.

“Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ташкил этилаётган форумда бугунги кунда дунё ҳамжамияти учун долзарб бўлган қатор масалалар муҳокама қилинади. Хусусан, хотин-қизларни давлат ва жамият бошқарувига кенг жалб этиш, сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларида уларнинг иштирокини кучайтириш, иқтисодий мустақиллик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва таълим соҳаларида имкониятларни кенгайтириш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, форум доирасида илм-фан, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида аёллар фаоллигини ошириш, рақамли муҳитда хавфсизликни таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя масалаларига бағишланган тўртта панель сессия ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса хотин-қизларнинг замонавий тараққиёт жараёнларидаги ўрни ва салоҳиятини янада намоён этишга хизмат қилади.

Бугун Бухорода “Илм-фанда аёллар етакчилиги: ҳозирги замон таҳдидлари, инновацион ечимлар ва илмий ҳамкорлик” мавзусида олима аёллар форуми бошланди. Мазкур нуфузли анжуманда замонавий илм-фан тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни, интеллектуал салоҳиятни қўллаб-қувватлаш, инновацион ёндашувлар ва минтақавий илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлисида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон парламентлари раҳбарлари, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон парламентлари раҳбарларининг ўринбосарлари, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари, хусусан, Превентив дипломатия маркази ва “БМТ аёллар” ташкилоти вакиллари иштирок этди.

Маълумки, 2020 йил декабрь ойида ушбу платформага минтақа хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш ҳамда имкониятларини кенгайтириш мақсадида норасмий минтақавий платформа сифатида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган.
Ўзбекистон ушбу мулоқотга 2021 йилда раислик қилган. Қисқа вақт ичида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти гендер тенглик ва барқарор ривожланишни илгари суриш, минтақадаги аёллар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга содиқ бўлган аёлларнинг муҳим норасмий коалицияси сифатида ўзини намоён қилди.
Мулоқот ташкил этилганидан бери бир қатор учрашувлар ўтказилди ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ кўплаб долзарб масалалар, шунингдек, бу йўналишда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бу йил Ўзбекистон яна бир бор мулоқотга раислик қилмоқда. Озарбайжон Республикасининг бу йил мулоқотга қўшилиши минтақавий бирликни янада мустаҳкамлайди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиради.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева очиб берди. Сенат Раиси ўз нутқида минтақада хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мулоқот доирасида аёллар бирдамлиги минтақадаги аёлларнинг барча интеграция ва давлатлараро ҳамкорлик жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириб, мамлакатлар тараққиётига тобора муҳим ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг бу галги мажлисида аёлларнинг илм-фандаги етакчилиги, ҳозирги замон таҳдидлари, инновацион ечимлар ва илмий ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Делегация раҳбарлари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олима аёллари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари кун тартибидаги масалалар муҳокамасида иштирок этди. Улар ўз чиқишларида бу йилги мулоқот фаолиятининг келгусидаги мақсад ва вазифалари хусусида ўз фикрларини билдирди.
Мулоқот иштирокчилари платформа доирасида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари кун тартибида илм-фанни, инновацион технологияларни, сунъий интеллектни ривожлантириш масалалари ҳам мунтазам равишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш учун аёлларнинг тадқиқотчилар, новаторлар ва илмий тараққиёт етакчилари сифатидаги алоҳида роли ортиб бормоқда.
Бугун дунё улкан таҳдидларга, жумладан, иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, шиддат билан кечаётган рақамли трансформация ва соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа соҳалардаги янги таҳдидларга дуч келмоқда. Шубҳасиз, ушбу мураккаб муаммоларни илмий тадқиқотлар ва инновацион ёндашувларсиз, шунингдек, юқори малакали кадрларни тайёрламай туриб ҳал қилиб бўлмайди.
Форум Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олима аёллари ўртасида илмий ҳамкорлик ва мулоқот учун барқарор платформа яратиш, тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги тадқиқотларни ва инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга ҳамда илм-фан соҳасидаги аёлларнинг етакчилик салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган умумий ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида илмий ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олима аёллари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирди.
Сўзга чиққанлар бугунги шароитда минтақа мамлакатлари илм-фанни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш, илмий кадрларни тайёрлаш ва илмий-тадқиқот инфратузилмасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ умумий муаммоларга дуч келаётганини таъкидладилар.
Форум иштирокчилари аёлларнинг илм-фан ва инновациялар ривожидаги роли, олима аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илмий соҳадаги иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Уларнинг профессионал ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратиш минтақадаги давлатларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил экани таъкидланди.
Бугун форум доирасида иккита панель сессия бўлиб ўтди. Биринчи панель сессия илм-фан ютуқлари ва инновациялардан фойдаланиш орқали минтақани ривожлантириш имкониятлари ва истиқболларига бағишланди. Муҳокама давомида минтақадаги мамлакатларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, инновацион экотизимни кенгайтириш, илмий ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятида хотин-қизларнинг ролини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодиётни диверсификациялаш воситаси сифатида илм-фандан фойдаланиш, минтақадаги мамлакатлар ўртасида технологик ҳамкорликни ривожлантириш, илм-фанни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва самарали инновацион инфратузилмани шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар, шунингдек, таълим тизими орқали янги авлод тадқиқотчиларини тайёрлаш истиқболлари, илм-фан соҳасида ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва минтақалараро академик ва илмий алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Иккинчи панель сессияда барқарор ривожланиш, экология, сунъий интеллект, маданий мерос ва жамоат саломатлиги масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар атроф - муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва келажак авлодларнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “яшил” технологияларни ривожлантириш ва экологик барқарор ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Сунъий интеллектни илмий фаолият, таълим, тиббиёт ва давлат бошқарувида қўллаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Замонавий рақамли технологиялар илмий тараққиёт ва инновацион ривожланишни тезлаштиришнинг муҳим воситасига айланиб бораётгани таъкидланди.
Ёшлар орасида илм-фанни оммалаштириш, талабалар, магистрлар ва докторантлар учун устозлик тизимини ривожлантириш, шунингдек, илм-фан соҳасидаги аёллар учун институционал ва ижтимоий тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум иштирокчилари барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақанинг инновацион келажагини шакллантириш учун Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг илмий, интеллектуал ва технологик салоҳиятини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Форумда билдирилган таклиф ва тавсияларни амалга ошириш, минтақада илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни мустаҳкамлаш механизмига айланадиган олима аёлларнинг “SheScience Central Asia” минтақавий тармоғини яратишни назарда тутувчи қўшма коммюнике қабул қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари