Истеъмолчилар фойдасига 73,2 миллиард сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Кенгашининг навбатдаги йиғилишида жорий йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолияти, қонунчилик ҳужжатлари ижроси ҳамда молиявий-хўжалик ишлари натижалари кўриб чиқилди. Жумладан, Тошкент шаҳри, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳудудий бирлашмалари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, ҳудудий бирлашмалар ва уларнинг туман-шаҳар жамиятлари молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.


Ҳисобот даврида фуқаролардан 17 минг 573 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 17 минг 143 таси ижобий ҳал этилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига жами 73,2 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга 288 та даъво аризаси киритилган. Суд қарорлари асосида 18,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилган. Назорат органлари кўмагида эса 73 миллион сўмлик зарарнинг қопланиши таъминланган.


Йиғилиш давомида мурожаатларни қонунийлик ва холислик тамойиллари асосида кўриб чиқиш, низоларни судгача ҳал этиш механизмларини самарали қўллаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишларини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида 2026 йилнинг тўртинчи чорагида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Ҳудудий тузилмалар раҳбарларига фаолият самарадорлигини ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш юзасидан аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

Ҳамроз Баёнов, ЎзА