Исроил ва Ливан сулҳ муддатини узайтирди
Вашингтоннинг фаол дипломатияси натижасида Ливан ва Исроил чегарасидаги кескинлик пасайди. Қўшинлар ортга қайтмоқда, сулҳ 45 кунга узайтирилди. Бинобарин, минтақада барқарор тинчлик ўрнатилиши ҳамон сўроқ остида?
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ливанга киритилган Исроил қўшини аллақачон ортга қайтаётганини маълум қилди. У 1 июнь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали самарали суҳбат ўтказган. Трампнинг сўзларига кўра, ушбу мулоқот натижасида Байрутга қўшин юборилмаслиги, ҳарбийлар ортга қайтиши бўйича келишувга эришилган. Оқ уй раҳбари юқори мартабали вакиллар орқали Ҳизбуллоҳ билан ҳам муваффақиятли музокара ўтказгани, улар ҳам жангни бутунлай тўхтатиб, Исроил билан ўзаро ҳужум қилмасликка рози бўлганини қўшимча қилди.
Айни муҳим сиёсий жараён асносида Исроил ва Ливан Вашингтондаги музокарада ўзаро сулҳни яна 45 кун узайтиришга келишиб олди. Мазкур қарор қабул қилинмаганда амалдаги тинчлик муддати шу якшанба куни тугар эди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти, Ҳизбуллоҳ ва Ливан расмийларига таяниб CNN телеканали хабар берди.
Давлат департаменти вакили Томми Пиготтнинг сўзларига кўра, музокара кутилганидан ҳам ижобий ва самарали кечган. Томонлар 29 май куни Пентагонда ҳарбий масалани муҳокама қилган, 2-3 июнь кунлари музокаранинг сиёсий босқичи учун қайта учрашадилар.
АҚШ бу жараёнда узоқ муддатли тинчлик ва чегара хавфсизлиги таъминланишига умид қилмоқда. Ливан делегацияси ҳам қарорни олқишлаб, тинч аҳолига жуда зарур сулҳ хотиржамлик бериши ва барқарорликка йўл очишини билдирди. Янги келишув якшанбадан расман кучга киради. Шунга қарамай, чегарадаги вазият қалтис бўлиб турибди, чунки олдинги сулҳ пайтида ҳам отишма тўхтамаган. Бундан ташқари, шартга кўра, Исроил мудофаа амалиёти ўтказиш ҳуқуқини сақлаб қолган. Исроилнинг АҚШдаги элчиси Эхиэль Лейтер музокарани конструктив, деб атади ва якуний муваффақиятга эришиш имкони юқори эканини таъкидлади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА