Дунёнинг энг бой оилалари доллар таъсирини камайтириб, Осиё активига ўтмоқда
“Reuters” агентлиги Швейцариянинг UBS банки тадқиқотига таяниб ёзишича, дунёнинг энг бой оилалари АҚШ ҳукумати қарзи ортиши ва геосиёсий ноаниқлик шароитида инвестиция таркибида доллар улушини камайтира бошладилар.
2026 йил биринчи чоракда банк мижозлари ўртасида ўтказилган сўров натижасига кўра, инвесторларнинг қарийб ярми доллар таъсирини камайтириб, халқаро, хусусан Осиё-Тинч океани ва Ғарбий Европадаги акцияларга қизиқиш билдирмоқда.
Тадқиқотда иштирок этган оилаларнинг ўртача соф бойлиги тахминан 1,5 миллиард доллар. Банк маълумотига кўра, айни ўзгариш айниқса хорижий оилавий офисларда яққол сезилмоқда. Қисман америкалик сармоядорлар орасида ҳам доллардан чекиниш ҳолати кузатилмоқда.
Таҳлилчилар инвестиция имтиёзи ўзгаришини глобал иқтисодиёт учун ортиб бораётган хавф ва йирик капитал активини кўпроқ диверсификация қилиш истаги билан боғламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА