Ислом цивилизацияси маркази бўйлаб саёҳат: Маърифат ва мерос уйғунлиги
Тошкент ислом институти томонидан ўтказилган «Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг мантиқий давоми сифатида тадбир қатнашчилари, маҳаллий ва хорижий уламолар, етакчи исломшунос олимлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Конференция давомида ислом динининг асл манбаларини тўғри талқин қилиш, ақидапарастликка қарши илмий раддиялар бериш масалалари муҳокама қилинган бўлса, Ислом цивилизацияси марказига уюштирилган саёҳат ушбу назарий билимларнинг амалий кўзгуси бўлди. Меҳмонлар марказ биносининг маҳобати, ундаги меъморий ечимлар ва энг муҳими, экспонатларнинг бойлиги билан яқиндан танишди.

Хорижий меҳмонлар ислом дунёсининг энг ноёб ёдгорликларидан бири бўлган ҳазрат Усмон Қуръонини кўздан кечирар экан, Ўзбекистон асрлар давомида исломий қадриятларни асраб-авайловчи қўрғон бўлиб келганига яна бир бор иқрор бўлди.

Марказ музейидан ўрин олган “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс” бўлимлари олимларда катта таассурот қолдирди. Имом Бухорий, Термизий, Беруний ва Ибн Сино каби алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси замонавий технологиялар ва инсталляциялар орқали намойиш этилди.

Меҳмонлар марказ нафақат музей, балки келажакда ислом оламининг йирик илмий-маърифий хабига (марказига) айланишини алоҳида эътироф этди.
Н.Усмонова,
ЎзА