Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида жамоатчилик хабардорлиги оширилади
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари учун семинар ташкил этилди.
Семинарда суғурталанган шахс ва суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маҳаллий кенгаш депутатларига сайловчилар билан учрашувларда мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириш бўйича тавсиялар берилди.
Давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги асосий тушунчалар, ижтимоий суғурта тизимини жорий этишнинг долзарблиги, ижтимоий суғуртага доир муносабатлар ҳақида маълумотлар берилди.

Қонуннинг асосий мақсади фуқароларнинг вақтинча меҳнат фаолиятини йўқотганда ёки ишсиз қолганида ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва камбағалликка тушиш хавфининг олдини олиш, тадбиркорларни ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш нафақалари тўлови бўйича ортиқча тўловдан озод қилишга қаратилгани алоҳида эътироф этилди.
Семинарда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари томонидан ижтимоий суғурта соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам таништириб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўз фикр ва таклифларини билдириб, қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА