Ислоҳотлар инсон қадри учун хизмат қилмоқда
Навоий вилояти Қизилтепа тумани Азизобод маҳалласида барпо этилган жамоат боғида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Бекзод Бобомуродов ва вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон қадрини юксалтириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, маҳаллаларни обод ва фаровон масканларга айлантиришдан иборат. Бугун бу эзгу мақсадлар юртимизнинг барча ҳудудларида, хусусан, маҳаллалар ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.

- Туманимиздаги Азизобод, Зарметан, Арабхона ва Варозун маҳаллаларида сўнгги икки йилда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳам олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир, – деди туман ҳокими Бекзод Бобомуродов. – Мазкур ҳудудларда 72 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида муҳим ўрин тутадиган йўл, ичимлик суви ва электр таъминоти тизимларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудда 32 километр ички йўл асфальтланди. 37,8 километр янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳоли учун энг муҳим маиший муаммолардан бири ижобий ҳал этилди. Электр таъминоти соҳасида 55,2 километр тармоқ янгиланиб, 18 та янги трансформатор ўрнатилди.
Янги Ўзбекистон тараққиётида таълим ва инсон саломатлиги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. 16-, 18- ва 42-мактабларнинг мавжуд бинолари мукаммал таъмирланди. 15-мактабда эса таъмирлаш ишлари билан бир қаторда 240 ўринли янги ўқув блоки барпо этилди.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам муҳим ишлар бажарилди. 19-оилавий поликлиника тўлиқ таъмирланиб, қўшимча блок қурилди. Бу эса тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, уни аҳолига янада яқинлаштириш ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугун Азизобод маҳалласи “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла”га айлантирилмоқда. Ҳудуд марказида аҳолининг мазмунли дам олиши учун замонавий жамоат парки, болалар майдончаси ва воркаут майдонлари ташкил этилди. Пиёдалар, велосипедчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 километр махсус йўлак барпо қилинди. Азизобод ва Зарметан маҳаллаларида 24/7 кўчалар, замонавий стеллалар бунёд этилди.
Ҳудудда аҳолига хизмат кўрсатиш ва савдо инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, “Азизобод” деҳқон бозори тўлиқ янгиланиб, қўшимча савдо расталари барпо этилди.

Туман маданият бўлими ходимлари ва эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари эса тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири