Ишончни суиистеъмол қилган назоратчи
Бировнинг ҳақини ўз манфаатига сарфлаш — нафақат қонунбузарлик, балки инсон ишончини поймол қилишдир. Бухоро вилояти Когон туманида аниқланган ҳолат эса бу ҳақиқатни яна бир бор кўрсатди.
Сув — ҳаёт манбаи. Унинг ҳар бир томчиси, ҳар бир тўлови ортида аҳолининг кундалик эҳтиёжи, меҳнати ва ҳалол ризқи мужассам. Шу боис сув таъминоти тизимида ишловчи ходимлар зиммасига нафақат хизмат вазифаси, балки юксак масъулият ҳам юкланади. Афсуски, айрим шахслар ана шу ишонч ва масъулиятни шахсий манфаати йўлида суиистеъмол қилишга уриниши ҳамон учраб турибди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Когон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Бухоро сув таъминоти” АЖ бўлими собиқ назоратчиси Ш.С. фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, уларнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Текширув материалларига кўра, собиқ назоратчи 25 нафар фуқародан сув истеъмоли учун тўлов сифатида жами 100 АҚШ доллари ва 17,8 миллион сўм маблағни олган. Фуқаролар эса бу пуллар сув таъминоти бўйича мавжуд қарздорликни бартараф этиш учун сарфланади, деган ишончда бўлган. Аммо воқелик бутунлай бошқача тус олган. Олинган маблағлар тегишли тўловларни амалга оширишга йўналтирилмаган. Аксинча, улар собиқ ходимнинг шахсий эҳтиёжларига сарфланган. Бир қарашда бу оддий молиявий қонунбузарликдек туюлиши мумкин. Аслида эса масаланинг моҳияти анча чуқур. Чунки бу ерда гап фақат пул ҳақида эмас. Гап — ишонч ҳақида.
Фуқаро ўзининг коммунал тўловини амалга ошириш мақсадида ишонч билдириб, маблағини масъул шахсга топширади. У эса хизмат ваколатидан фойдаланиб, ушбу ишончни шахсий манфаатига бурса, жамиятдаги адолат ва ҳалоллик тамойилларига путур етади. Қонун эса бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда ҳолатнинг барча тафсилотларини аниқлаш, етказилган зарар миқдорини белгилаш ҳамда ишга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳолатдан чиқариладиган хулоса эса оддий: лавозим — шахсий манфаат учун берилган имконият эмас, халқ ишончини оқлаш масъулиятидир.
Айниқса, аҳоли билан бевосита ишлайдиган соҳаларда ҳар бир ходим ўз ҳаракати учун жавобгар эканини чуқур англаши зарур. Фуқаронинг бир сўми ҳам ҳалол меҳнат билан топилган маблағ. Уни ўзлаштириш ёки алдаш орқали қўлга киритиш эса қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири