Юртимизга яна куз келди...
Тонг отишига ҳали бироз вақт бор. Ташқарида эсаётган енгил шабада деразадан аста хонага киришга ҳаракат қилди чоғи, оппоқ, ўйноқи гулли пардани аста қимирлатди. Шу онда ҳовлидаги хурмо дарахтларига кузнинг илк ёмғир томчилари тушаётгани сезилди.
Ўлкамизга куз келди. Булутли осмон, ёқимли шабада, кўкдан тушаётган ёмғир томчилари ва она заминдан таралаётган ёқимли ифор – буларнинг барчаси куздан дарак бермоқда.
Ёзнинг жазирама кунлари ортда қолди.
Юртимизда ҳар бир фаслнинг ўз ўрни ва ўз таровати бор. Куз – бу тўкинлик фасли. Бободеҳқон, миришкор боғбон учун энг соғинчли пайт. Йил давомида қилинган пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилнинг натижасини кўриш ва ундан завқ олиш фасли бу.
Куз фаслига таърифлар жуда бисёр ва улар орасида энг ўринлиси “олтин куз“ деб аталишидир. Кузда жамики борлиқ олтин тусга киради. Бунда ўзгача ҳикмат бор. Бу рангларда улғайиш, салобат ва донолик яширинган.
Бу даврда ҳар бир инсон ортда қолган кунларига назар ташлайди. Нималарга эришди, нималарга улгурмади – барчасини бирма-бир хаёлидан ўтказиб, хулоса қилади. Келажак ниятлар, орзулар ва улкан режаларни олдига мақсад қилиб қўяди. Куз – инсонни сергакликка чорловчи, мудроқ юракларни ҳушёрликка ундовчи фасл.
Куз барчага бирдек илҳом берувчи фасллиги билан ҳам соғинчли. Бу фаслда шоир гўзал мисралар битади, рассом табиатнинг бор гўзаллигини бўёқларда тасвирлайди, санъаткор бетакрор оҳанглар билан борлиққа жар солади, дунёга келган чақалоқ эса ҳаёт давомийлигидан дарак беради.
Янги тонг отди. Бу кузнинг илк кунларидаги тонг. Ёзнинг жазирамасидан толиққан она заминдаги ҳар бир наботот куз ёмғирига бор бағрини очди. Кўкдан тушаётган ҳар бир томчида ҳаёт қўшиғи бор. Бу – ризқ, бу – ҳаёт давомийлиги, бу – келажакка умид, бу – ғуборларни ювиб кетувчи обираҳмат.
Олтин куз, юртимга хуш келдинг!
Умидлар, орзулар сен билан янада ёрқин ва ҳузурли бўлсин!
Асрор Сулаймонов, ЎзА