Иқтисод ва сиёсат уйғун
Хитой давлатининг ҳудуди 9,6 млн кв.километрни ташкил этади. Аҳолиси 1,5 млрд.нафарга етган. Аслида бу рақамларни “ҳазм қилиш” қийин. Аммо Хитой бугун кўп соҳаларда дунё миқёсида биринчи бўлиб турибди.
– Иқтисод муҳим, аммо сиёсат ундан ортда эмас. Улар тенглашгандагина ўсиш рўй беради, – дейди Хитойнинг CSN ахборот агентлиги Шинжон бўлими бош муҳаррири Ван Цзиньшен. – Сиёсат эса аввало матбуотга муносабат, уни қўллаб-қувватлашни ривожлантиришдан иборат.
Бу Ван Цзиньшеннинг Хитойда давлатнинг ОАВлари ва журналистикага расмий муносабати ҳақидаги фикри эди.

Энди Хитойнинг мўъжаз шаҳарларидан бирига эътиборингизни қаратамиз.
Алашанькоу шаҳри Шинжоннинг ғарбий-шимолий қисмида, Қозоғистон билан чегарада жойлашган. У Бортала Монгол автоном префектураси таркибига киради ва Хитойнинг Марказий Осиё ҳамда Европа билан савдо алоқаларида муҳим аҳамиятга эга транспорт маркази ҳисобланади.

Алашанькоу машҳур Жунғор дарвозаси (Dzungarian Gate) деб аталувчи табиий тоғ довонида жойлашган. У асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим йўлак бўлиб хизмат қилган. Шаҳар Қозоғистоннинг “Достлик” темир йўл чегара пункти билан туташган.
Алашанькоу қадимги Ипак йўлининг муҳим нуқталаридан бири бўлган. Замонавий тараққиёти эса XX асрнинг охирларида бошланди. 1990 йилларда Хитой ва Қозоғистон ўртасида темир йўл алоқаси йўлга қўйилиб, янги ҳудуд тез суръатларда ривожлана бошлади. 2012 йилда унга расман шаҳар мақоми берилди.

Алашанькоуни мўъжаз шаҳар дедик, лекин у бугунги кунда Хитойнинг энг йирик қуруқлик портларидан бири ҳисобланади. Хитой ва Европа ўртасидаги юк поездларининг катта қисми айнан шу йўналиш орқали ҳаракатланади. Бу ер орқали контейнерлар, саноат маҳсулотлари, нефть ва бошқа юклар ташилади.
Шаҳарда 11 мингдан ортиқ доимий аҳоли истиқомат қилади. Бироқ транзит савдо, логистика ва божхона хизматлари билан боғлиқ вақтинчалик ишчилар сони анча кўп.

Шаҳарда халқаро темир йўл станцияси, автомобиль чегара пункти ва аэропорт мавжуд. Қозоғистон ва Хитой темир йўллари кенглиги турлича бўлгани учун юкларни қайта ортиш инфратузилмаси ҳам ривожланган. Бу шаҳарни Евроосиё қуруқлик транспорт коридорининг муҳим марказларидан бирига айлантирган.
Алашанькоу аҳолиси унча кўп бўлмаган чегара шаҳри бўлишига қарамай, унинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамияти жуда катта. У Хитойнинг Марказий Осиё ва Европа бозорларига чиқишидаги асосий қуруқлик дарвозаларидан бири бўлиб, янги Ипак йўли лойиҳасининг муҳим таянч нуқтаси сифатида ривожланишда давом этмоқда.

Шу кунларда Алашанькоу шаҳарчаси Хитой ҳамда Марказий Осиё медиалари вакилларини бирлаштирган форумга мезбонлик қилди. Унинг ишида аввало Хитойнинг етакчи ахборот агентликлари ва ОАВлари раҳбар ҳамда журналистлари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан бўлган таниқли ижодкорлар, газета, телевидение, интернет сайти етакчилари қатнашдилар. Асосий мақсад ОАВлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларни ёритишда фаолликни таъминлаш ва замонавий ахборот технологияларини қўллашда тажриба алмашиш эди.
Мулоқот, мунозара ва маърузаларда замон тез ўзгараётгани, матбуот эса айрим ҳолларда ортда қолаётгани таъкидланди. Ҳар бир давлат ташқи сиёсатини шакллантиришда матбуотнинг холис муносабати, жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги ўрни таҳлил қилинди. Хитойлик ҳамкасблар иқтисод ва сиёсат ҳамқадам, матбуот эса сиёсатни белгилашда таъсирли куч бўлиши лозим, деган ғояни илгари сурдилар.
Форумда Хитой ва Марказий Осиё журналистик ташкилотлари ҳамжамиятини тузиш таклифи ҳам янгради ва қўллаб-қувватланди.
Халқаро анжуман иштирокчиси бўлган ўзбекистонлик журналистлар Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, жумладан, сўз ва матбуот эркинлиги, шоир ва ёзувчилар, санъат, маданият ва ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш ҳақида гапириб бердилар. Минтақа ОАВлари ва журналистик ташкилотлари ҳамкорлигини ривожлантириш дастурини маъқулладилар. Шунингдек, шу каби миқёсдаги медиафорумни Ўзбекистонда ҳам ўтказиш таклифини билдирдилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Хитой, Алашанькоу шаҳри.