Ipoteka bank OTP Group ва Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси техник таълим ва мутахассисларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватламоқда
Қўшма ташаббуслар Ўзбекистоннинг учта ҳудудидаги техник таълим муассасаларининг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, мутахассислар учун Венгрияда стажировка ўташ ва касбий малакани ошириш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Тошкент, 2026 йил сентябрь.
Ipoteka bank OTP Group ва Ўзбекистон Республикасининг Венгриядаги элчихонаси замонавий касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ҳамда халқаро тажриба алмашинуви орқали малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда.
2026 йил 11 август куни Ipoteka bank OTP Group Бошқарув раиси Adam Szentpeteri Ўзбекистон Республикасининг Венгриядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ойбек Шахавдинов билан учрашди. Томонлар мулоқот давомида OTP Groupнинг Ўзбекистондаги фаолияти натижалари, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари ҳамда техник таълимни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистоннинг ҳудудий техник таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Андижон вилояти Булоқбоши тумани 2-сон техникуми, Қашқадарё вилояти Қарши тумани 2-сон техникуми ҳамда Жиззах вилоятидаги Абу Али ибн Сино номидаги Дўстлик жамоат саломатлиги техникумини замонавий ускуналар билан таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу ташаббус техник таълим сифатини юксалтириш, амалий тайёргарлик имкониятларини кенгайтириш ва малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшишга қаратилган.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ ҳамда маданият соҳаларида фаолият юритаётган мутахассислар учун Венгрияда стажировка ва касбий ривожланиш дастурларини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида OTP Group грант кўмагида амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ташаббуслар талабалар ва мутахассислар учун замонавий ускуналардан фойдаланиш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда халқаро тажрибани ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ipoteka bank OTP Group Бошқарув раиси Adam Szentpeteri:
«Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имкониятидан мамнунмиз. Замонавий ускуналар билан таъминлаш ва халқаро тажриба алмашинуви учун қўшимча имкониятлар яратиш таълим сифатини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади».
Таълим соҳасига инвестициялар Ipoteka bank OTP Groupнинг инсон капиталини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшишга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг муҳим қисмидир.
Реклама ҳуқуқи асосида.