"InnoWeek-2026": технологиялар, стартаплар ва истиқболли ташаббуслар
Пойтахтимиздаги "CAEx Uzbekistan" халқаро кўргазмалар мажмуасида "InnoWeek-2026" халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилган ҳафталикда 30 дан ортиқ давлатдан 200 нафарга яқин вакил, 50 га яқин халқаро компания, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, венчур фондлар, молия ташкилотлари ва бошқа ҳамкорлар иштирок этмоқда.
Ҳафталикнинг асосий йўналишларидан бири инновацион ишланмалар кўргазмасидир. 15 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этилган кўргазмада жами 265 та экспонент, жумладан, 225 та маҳаллий ва 40 та хорижий иштирокчи ўз маҳсулот ва ишланмаларини тақдим этмоқда. Кўргазма ҳудудида 12 та блок ва 240 та стенд ташкил этилиб, 750 та инновацион маҳсулот намойиш қилинмоқда.
Кўргазмада олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, инновацион тадбиркорлик субъектлари, спин-офф компаниялар, ёш стартапчилар, Яшнобод технопарки ва ҳудудий ёшлар технопарклари, Жаҳон банкининг "MUNIS" лойиҳаси иштирокчилари, ихтирочилар ва рационализаторлар ўз ишланмаларини намойиш этяпти. Шунингдек, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Германия, Венгрия ва Қозоғистон вакиллари ҳам ўз технологиялари ва инновацион ечимларини тақдим этмоқда. Бу иштирокчиларга маҳаллий ишланмалар билан танишиш, хорижий тажрибани ўрганиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини беради.
Тошкент амалий фанлар университети ректорининг IT бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Мусо Хўжақуловнинг сўзларига кўра, мазкур олий даргоҳ жамоаси таълимда имтиҳон жараёнларининг шаффофлигини таъминловчи прокторинг платформаси, турли газларни аниқловчи анализаторлар, махсус қоплама каби ишланмаларни тақдим этмоқда.
– Прокторинг платформаси имтиҳон жараёнини кузатиб, белгиланган мезонлар асосида қоидабузарликларни аниқлайди ва огоҳлантириш беради. Уч марта огоҳлантиришдан кейин иштирокчини имтиҳондан чиқариш имконияти мавжуд. Бу борадаги стартапимиз Туркия ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро танловларда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган.
Газ анализаторларимиз метан, бутан, пропан каби турли газларни аниқлашга мўлжалланган. Датчиклар орқали газ ҳолатини кузатиш, масофадан туриб бошқариш ва хавфли ҳолатларда огоҳлантириш олиш мумкин. Қурилмаларни хонадонлар ва саноат корхоналарида ишлатиш мумкин. Уларнинг айрим турлари синовдан ўтказилган. Шунга ўхшаш Германияда ишлаб чиқариладиган қурилмалар нархи 30 минг доллардан ошади, биз эса ўз ишланмамизни қарийб уч баравар арзон нархда таклиф этишга эришдик.
[gallery-32228]
Яна бир ишланмамиз эса иссиқлик тарқалишини камайтирувчи махсус қоплама. У инсон ва техниканинг дронлар ҳамда тепловизорлар орқали аниқланишини қийинлаштиришга мўлжалланган. Маҳсулот жорий йилда ишлаб чиқилиб, Иорданияда синовдан ўтказилди ва ижобий натижалар қайд этилди. Ҳозир бу йўналишда буюртмалар ҳам мавжуд.
Умуман, "Ўзгараётган дунё учун инновациялар" шиори остидаги мазкур кўргазмада тақдим этилган ишланмаларимиз таълимда шаффофликни таъминлаш, газ билан боғлиқ хавфларни аниқлаш ва ҳарбий соҳада инсонларни ҳимоя қилиш каби муҳим вазифаларга қаратилган, – деди у.
Кўргазмада намойиш этилаётган ишланмалар таълим, саноат, ахборот технологиялари ва хавфсизлик каби турли соҳалардаги долзарб масалаларга ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли. Уларнинг айримлари кундалик фаолиятдаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилса, бошқалари корхоналар самарадорлигини ошириш ва янги технологияларни амалиётга жорий этиш имкониятларини кенгайтиради. Шу жиҳатдан, ҳафталик нафақат инновацион маҳсулотларни намойиш этиш, балки уларни амалиётга татбиқ қилиш ва тижоратлаштириш учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади.
"Unique Resolution Development" компанияси вакили Салоҳиддин Содиқовнинг қайд этишича, Bilar лойиҳаси мижозлар ва ходимлар ўртасидаги телефон қўнғироқлари ҳамда офлайн мулоқотларни ёзиб олиш, таҳлил қилиш ва натижаларни раҳбарларга етказишга қаратилган.
– Бунинг натижасида корхоналар мижозларнинг хоҳиш ва талабларини ўрганиб, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, маҳсулотларини такомиллаштириш ва ходимлар малакасини ошириш имкониятига эга бўлади.
Ҳозирги кунда лойиҳамиз амалиётга татбиқ этилган. Тизим қўнғироқларни ёзиб олиш ва таҳлил қилишдан ташқари, ўтказиб юборилган қўнғироқлар ҳақида ҳам маълумот беради. Раҳбар бошқарув панели орқали кирувчи ва чиқувчи қўнғироқлар сонини, нечта қўнғироққа жавоб берилмаганини, мижозлардан қайси бири қайта алоқага чиққанини ва қайси ҳолатларда қайта қўнғироқ қилинмаганини кузатиши мумкин. Бу эса мижозлар билан ишлашдаги камчиликларни аниқлаш ва хизмат сифатини яхшилашга ёрдам беради. "InnoWeek" ҳафталигида биринчи марта иштирок этяпмиз. Кўргазма лойиҳамизни кенгроқ аудиторияга танитиш ва янги ҳамкорлар топиш учун ҳам имконият яратади, – деди С.Содиқов.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА