"InnoWeek-2026" иштирокчилари қандай янги ишланмаларни тақдим этди?
Жорий йилнинг 27-29 октябрь кунлари пойтахтимиздаги "CAEx Uzbekistan" халқаро кўргазмалар мажмуасида "Ўзгараётган дунё учун инновациялар" шиори остида "InnoWeek-2026" халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ҳафталик доирасида маҳаллий олимлар, тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўз ишланмалари, янги технологиялари ҳамда инновацион лойиҳаларини намойиш этди. Тадбир давомида иштирокчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳафталикдан олган таассуротлари, илмий изланишлари ва истиқболдаги режалари билан қизиқдик.
Сарвара Саидмуродова – Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD):
–"InnoWeek-2026" доирасида маҳаллий хомашё асосида енгил бетон ишлаб чиқариш технологиясига бағишланган илмий ишланмамизни намойиш этдик.
Яқинда техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилдим. Илмий ишим кўпчитилган вермикулит асосида енгил бетонлар ишлаб чиқариш технологиясига бағишланган.
Лойиҳанинг асосий жиҳати шундаки, унда 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилади. Йирик тўлдирувчи сифатида кўпчитилган вермикулит, майда тўлдирувчи сифатида эса уни кўпчитиш жараёнида ҳосил бўладиган вермикулит қуми қўлланилади. Боғловчи материал сифатида кам сув талабчан цементдан фойдаланамиз. Барча компонентлар ва қўшимчалар маҳаллий хомашё ҳисобланади.
Таклиф этилаётган бетоннинг афзаллиги унинг енгиллиги, мустаҳкамлиги, иссиқлик изоляцияси ва оловбардошлигида намоён бўлади. Шунингдек, таркибига карбонат қўшимчаларини киритиш натижасида материалнинг музлашга чидамлилиги ва хизмат муддатини оширишга эришдик.
Ушбу материални монолит каркасли биноларнинг ички ва ташқи девор конструкцияларида қўллаш мумкин. Уни кўпикбетон блокларга муқобил материал сифатида таклиф этяпмиз. Тадқиқотларимизда олинган натижаларга кўра, вермикулитли бетоннинг мустаҳкамлиги 3,5-5 МПани ташкил этади.
Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳам дастлабки ишлар амалга оширилди. Айни пайтда маҳсулотни стандартлаштириш масаласи устида ҳам иш олиб борилмоқда.
[gallery-32229]
Умида Қодирова – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти докторанти:
– "InnoWeek-2026" доирасида ташкил этилган ҳудуднинг энг яхши 100 та лойиҳаси танловида иштирок этиб, 10-номинация бўйича ғолибликни қўлга киритдим. Бу мен учун илмий изланишларимнинг эътироф этилиши ва келгуси фаолиятим учун муҳим рағбат бўлди.
Илмий ишланмамиз саноат чиқиндилари ҳамда маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда керамик пигментлар синтез қилишга қаратилган. Бу йўналишдаги тадқиқотларимизда мавжуд хомашё ресурсларидан фойдаланиб, керамика саноати учун зарур бўлган пигментларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш устида ишлаяпмиз.
Ҳозирда лабораториямизда ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Асосий эътибор саноат чиқиндилари ва маҳаллий хомашёнинг хусусиятларини ўрганиш ҳамда уларни керамик пигментлар синтезида қўллаш имкониятларини баҳолашга қаратилган.
Ҳафталик доирасидаги танловда иштирок этиш илмий ишланмамизни кенгроқ намойиш этиш ва унинг аҳамиятини мутахассислар эътиборига ҳавола қилиш имконини берди. Ғолиблик эса бу борадаги изланишларимизни давом эттиришга янада кучли рағбат бағишлади.
Алишер Валиев – "NamBioTest" МЧЖ ходими:
– Корхонамизда тиббий диагностика учун мўлжалланган 70 га яқин турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Улар орасида гепатит B ва C, ОИВ каби касалликларни аниқловчи экспресс-тестлар, гормонлар ва D витамини миқдорини ўлчаш воситалари ҳамда иммунфлуоресценция аппаратида қўлланиладиган тестлар бор.
Наркотестлар ишлаб чиқаришни эса тахминан икки ой олдин йўлга қўйдик. Улар сийдик ёки оғиз сўлаги орқали гиёҳвандлик ва бошқа психоактив моддаларни дастлабки аниқлашга мўлжалланган. Маҳсулот турига қараб, 10 тадан 18 тагача моддани аниқлаш мумкин. Ҳозирда дип-карта ва махсус тест-стакан шаклидаги воситалар ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона фаолияти 2019 йилда бошланган. Дастлаб коронавирус пандемияси давридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экспресс-тестлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинчалик маҳсулотлар тури кенгайтирилди. Мутахассисларимиз сўнгги уч-тўрт йил давомида янги диагностика воситаларини яратиш ва такомиллаштириш устида ишламоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.