“Innovation Challenge” танлови ўтказилмоқда
Қорақалпоғистоннинг Амударё ва Мўйноқ туманларида деградацияга учраган ва шўрланган ерларни тиклашга қаратилган “Innovation Challenge” инновацион ечимлар танлови ўтказилмоқда.
Танловнинг умумий мукофот жамғармаси 40 минг АҚШ долларини ташкил этади. Тўрттагача ғолибнинг ҳар бирига 10 минг долларгача мукофот берилади.
Танлов доирасида шўрланиш ва ер деградациясига қарши амалий ечимлар қабул қилинади. Улар орасида шўрга чидамли ўсимликлардан фойдаланиш, табиатга асосланган тиклаш усуллари, сувни тежовчи технологиялар, биодренаж, барқарор ишлаб чиқариш ва бизнес-моделлар, шунингдек, ГАТ, масофадан зондлаш, датчиклар ва сунъий интеллектга асосланган рақамли технологиялар бор.
Танловнинг асосий талабига кўра, таклиф этилаётган ечим амалий синовдан ўтказишга тайёр, хавфсиз ва маҳаллий шароитга мослаштирилган бўлиши керак. Синов лойиҳаси Амударё ёки Мўйноқ туманидаги тасдиқланган ер участкасида амалга оширилади.
Танловда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган стартаплар, хусусий компаниялар, нодавлат ташкилотлар, фермерлар уюшмалари, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, инновацион марказлар ва технология ишлаб чиқувчилари иштирок этиши мумкин. Шунингдек, консорциумлар таркибида ҳам ариза топширишга рухсат берилади.
Мукофот маблағларидан материал ва ускуналар хариди, прототипларни такомиллаштириш, дала ишларини амалга ошириш, мутахассисларни жалб қилиш, мониторинг олиб бориш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланиш мумкин.
Аризалар 2026 йил 4 сентябрга қадар қабул қилинади. Ҳужжатлар ўзбек, қорақалпоқ ёки рус тилларида PDF ёки Word форматида тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, танлов БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва маҳаллий ҳамкорлар кўмагида амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.
Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ахборот хизмати хабар берди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА