Инновацион тадқиқотларга бағишланган халқаро анжуман
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Мактабгача ва бошланғич таълим факультети мактабгача таълим кафедраси томонидан “Мактабгача таълимда инновацион тадқиқотлар: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Қозоғистон, Польша давлатларидан олимлар ва талаба-ёшлар ўз маърузалари билан иштирок этди.

Конференцияда мактабгача таълимни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, соҳада сунъий интеллект асосида болаларда креативликни ривожлантириш, Сингапур тажрибаси асосида мактабгача ёшдаги болаларда тушунчаларни шакллантириш, шунингдек, болаларни кундалик таҳдидлардан ҳимоя қилиш каби вазифалар муҳокама этилди.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда “Ўйинга йўналтирилган таълим ва тарбия” жараёнини олиб бориш, мактабгача ёшдаги болаларда паремик жанрлар орқали экологик маданиятни ривожлантириш масалалари ҳм муҳокама қилинди. Мактабгача таълимда инновацион тадқиқотларни такомиллаштириш, юзага келаётган ҳар қандай муаммоларга илмий ечим топиш бўйича ўзаро ҳамкорликни такомиллаштиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга институтнинг мактабгача таълим йўналиши 3-курс амалиётчи талабаларининг Нукус шаҳридаги 48-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари билан ҳамкорликда ташкил этган концерт дастури ҳам ҳавола этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.