Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс тизими самарадорлиги оширилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада йирик саноат корхоналарида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида комплаенс назорат тизими орқали коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда комбинат Комплаенс хизмати бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тошев мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
– Комбинатда 2026 йилнинг биринчи чораги давомида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, бошқарувга киритилган 24 та ҳужжат лойиҳаси ҳамда фуқаролар қабулига оид 11 та баённома ҳуқуқий ва коррупциявий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг қонунийлиги таъминланди.
Шунингдек, комбинат марказий аппарати ва таркибий бўлинмаларида жами 1 893 та ички идоравий ҳужжат лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди. Натижада 101 та ҳужжат амалдаги норматив-ҳуқуқий талабларга мувофиқлаштирилди. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнларида шаффофлик ва қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Корхонада коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилган. Ўтказилган таҳлиллар натижасида 1 400 та функция баҳоланиб, уларнинг асосий қисми паст хавф даражасига эга экани аниқланди. Шу билан бирга, аниқланган хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Комплаенс хизмати томонидан ходимлар ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари ҳам фаол олиб борилмоқда. Ҳисобот даврида 29 маротаба тарғибот ва профилактик тадбирлар ўтказилиб, уларда 1 168 нафар ходим иштирок этди. Бундай тадбирлар коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг ва матбуот анжуманлари ташкил этилди. Уларда комбинатда амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, кадрлар билан ишлаш жараёнида ҳам комплаенс талабларига қатъий амал қилинмоқда. Жумладан, ишга қабул қилиш жараёнларида 616 нафар номзод текширувдан ўтказилди ҳамда барча меҳнат ва хўжалик шартномаларига коррупцияга қарши қоидалар киритилди. Контрагентлар билан ишлашда ҳам тегишли текширувлар амалга оширилиб, хавфларни камайтириш чоралари кўрилмоқда.
Хизмат текширувлари натижасида интизом бузилишларига йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани тизимда масъулиятни янада оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида минглаб ходимлардан декларациялар олиниб, аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Комбинатда 2026 йилнинг иккинчи чораги учун ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, ISO 37001:2016 ва ISO 37301:2021 халқаро стандартларини жорий этиш, комплаенс тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ахборот очиқлигини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Албатта, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда амалга оширилаётган бу каби тизимли чора-тадбирлар коррупцияга қарши самарали курашиш, бошқарувда шаффофликни таъминлаш ва корпоратив бошқарув маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири